Афғонистонда снаряд портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди
Афғонистоннинг Tolo News телеканали хабар беришича, мамлакат жанубидаги Зобул провинциясида снаряд портлаши оқибатида беш нафар тинч фуқаро, жумладан, уч бола ва икки аёл ҳалок бўлди.
Телеканал маълумотига кўра, снаряд ушбу вилоят маъмурий маркази Калат шаҳридаги турар-жой биносига тушган. Шифокорларнинг айтишича, яна 14 киши жароҳатланган. Уларнинг аҳволи оғир.
Маҳаллий полиция вакилининг сўзларига кўра, снарядни «Толибон» жангарилари отган.
Афғонистонда ҳукумат ва қишлоқ жойларидаги муҳим ҳудудларни эгаллаб олган ва йирик шаҳарларга ҳужум уюштирган «Толибон» жангарилари ўртасида қарама-қаршилик авж олмоқда.
Ваҳоланки, 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахтида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида тинчлик музокаралари бошланди. Ўша йили Вашингтон ва «Толибон» расмийлари Дохада 18 йилдан ортиқ давом этган урушда илк бор тинчлик шартномасини имзолашди. Унда чет эл қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши ва маҳбуслар алмашинувидан сўнг афғонлараро мулоқот бошланиши кўзда тутилган эди. Аммо кейинги йили қарама-қаршилик кескинлашди.