Афросиёб – жасорат тимсоли
Мозийдаги ҳаёт излари
Самарқанд шаҳри қадимий Сўғд давлатининг пойтахти сифатида шонли тарихга эга. Адолатли бошқарув, шаҳарсозлик, ҳунармандчилик маданияти билан ўзбек давлатчилигининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган ушбу кентнинг куч-қудрати, ҳукмдорларни ўзига жалб этиб келган бойликлари тарихчи-солномачилар томонидан кўп бора эътироф этилган. Асос солинганига 27 асрдан кўп бўлган Самарқанднинг ўтмиши сирли ва суронлидир. Дунё тарихида Афросиёб номи билан довруғ қозонган, не-не фотиҳлар кўз тиккан маскан бугунги Самарқанд шаҳрининг ўтмишдоши, халқимизнинг озодлик, эрк йўлидаги жасорати тимсолидир.
Самарқанд ҳақида бир қанча кўрсатув ва ҳужжатли фильмлар яратган бўлсам-да, шаҳарнинг 2750 йиллик юбилейи олдидан археологлар олиб бораётган илмий изланишлар билан яқиндан танишиш мен учун ғоятда ҳаяжонли ва унутилмас воқеа бўлган.
Тарих фанлари доктори, таниқли археолог Муҳаммаджон Исомиддинов Самарқанд шаҳрининг ўтмишдоши бўлган Афросиёбда ўтказилаётган илмий изланишлар, қазишмалар самараси, ноёб топилмалар ҳақида деярли ҳар куни гапириб берарди (ҳозир олим Фарғонада яшаб, ўз изланишларини она юрти тупроғида толиби илмлар билан давом эттиряпти). Археологлар ишига қизиқишим янада ортиб, қадимий шаҳристонга ижодий сафарга отландим.
Исомиддин ака билан изма-из қадим салтанат харобалари бўлган тепаликларга кўтариламиз. Қияликлардаги илон изи сўқмоқлар орқали бутун Афросиёбни кезиб чиқиш мумкин. Бир неча асрлар олдин завол топган шаҳристоннинг ҳар қарич ери узоқ тарих тилсими. Зафарли курашлар, беаёв қирғинлар туфайли ўт ичида қолган шаҳар, мудофаа деворлари ер билан битта бўлиб ҳувиллаб ётгани кишида нохуш ҳис уйғотади.
– Бу ерда бир замонлар ҳукмдор арки, саройлар, қўшҳовузли боғлар, шаҳристон, мудофаа деворлари юксалиб турган, қудратли давлат салтанати бўлган, – дейди М.Исомиддинов. – 219 гектарни эгаллаган Афросиёб шаҳри бирин-кетин қурилган тўртта мудофаа деворидан иборат бўлиб, унинг биринчи мудофаа девори билан тўртинчи мудофаа девори энг қадимгилари ҳисобланади. Яъни, шаҳарга дастлабки асос солинган пайтдаёқ унинг шимолий қисми шаҳарнинг бошқа қисмларидан алоҳида девор билан ажратиб олинган. Бу шаҳар ҳокими ёки Сўғд давлати подшосининг қароргоҳи вазифасини ўтаган. Шаҳарнинг иккинчи девори илк ўрта асрларда ва учинчи девори сал кейинроқ қурилган.
Тили бошқа – дили бошқалар...
Муҳаммаджон акадан Афросиёбда дастлаб археологик қазиш ишларини кимлар бошлагани, илмий изланишлар қачондан буён бошлангани, қандай ашёвий далиллар юзага чиққанини билишга қизиқаман.
– Умуман олганда, Самарқанд ва Самарқанд Сўғди тарихини ўрганишни уч босқичга бўлиш мумкин, – дея тушунтира бошлайди олим. – Бу ерларга дастлаб Афросиёбни ўрганиш истагида бўлган рус олимлари, шарқшунослар ҳамда ҳарбийлар келган. Уларнинг саргузаштлари ҳам қизиқ. 1841 йилда Бухоро хонлигига келган Н.Ханыков Афросиёбни ўрганиб, Самарқандни топографик харитага туширган дастлабки кишидир. Юртимиз рус империяси томонидан босиб олингандан сўнг Афросиёбда қазиш ишлари жадаллашган. Афсуски, асосан ҳарбийлар томонидан олиб борилган бу изланишлар бойлик орттириш мақсадини кўзлаган. Кейинчалик В.Крестовский деган киши қазишма ишларида қўллаган археологик методлар талабга жавоб бермаса-да, Афросиёбда эллинизм даврига оид қатламга дуч келган. 1883 йилда таниқли шарқшунос Н.Веселовский археологиядан йироқ бўлса-да, тўрт ой ичида жуда тезкор ишлаган ва 109 жойни кавлаб ташлаган. Шунга қарамай у тузган топографик харита кейинчалик иш берди.
1894-1895 йилларда Афросиёбда франциялик Шаффанжан деган кимса қазишма дейишга тил бормайдиган ажабтовур ва вайронкор услубдан фойдаланган. У қадимий шаҳарнинг маданий қатламини портлатиб, кўплаб тарихий ашёларни қўлга киритган. Ҳозирда бу қимматли топилмалар Париждаги Гимэ музейида сақланяпти. Шунингдек, Самарқандда С.Горшенина, В.Вяткин тадқиқотлар олиб боришган.1930-1950 йилларда ҳам қадим шаҳар тарихини талқин этишга кўплаб уринишлар бўлган.
XX асрнинг 60-йилларидан Самарқанд ва Марказий Осиёда археология соҳасига муносабат сифат жиҳатидан ўзгара бошлади. Бу даврда қазишма ишлари нафақат Самарқанд шаҳри, балки бутун вилоят бўйича олиб борилди. Афросиёб давлат қўриқхонасига айлантирилди.
Ҳамкорлик самаралари
Мустақилликдан сўнг археологларимиз бутун Ўзбекистон миқёсида иш олиб бориб, чинакамига ўз сўзини айта бошлашди. Бу соҳада халқаро алоқалар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон – Франция қўшма археологик экспедицияси раҳбари бўлган Муҳаммаджон акадан бу самарали ҳамкорлик қачон бошлангани, қандай ютуқларга эришилаётгани ҳақида сўрайман.
– Бу ҳамкорлик яхши ният ва катта мақсадлар билан 1988 йилда йўлга қўйилган эди, – дейди у. – Мустақиллик илм-фан, ўз тарихимизни чуқур ўрганиш учун кенг ва ёруғ йўллар очди. Улар ҳам дастлаб археологик қазишмаларни дунёга машҳур тарихий ёдгорликдан бошлашди. Бу эса Афросиёбда олиб борилаётган илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Франциядан тажрибали олимлар -академик Поль Бернар, улар томонидан экспедиция бошлиғи Франц Грене, илмий ходимлар Клод Рапен, Бертиль Лионе, географ Пьер Жантель ва бошқалар бизнинг археологларимиз Х.Охунбобоев, Н.Раҳимбобоев, Л.Соколовская ва И.Иваницкий билан самарали ишлашди. Сиз-у мен турган Афросиёб, Челакдаги Кўктепада эришилган илмий ютуқлар бунга бир мисолдир. Ҳамкорлик натижалари Франция ва бошқа хорижий давлатларда нашр этиладиган нуфузли газета ва журналларда эълон қилиниб борилмоқда.
Тарих ҳукмидаги шаҳар
Қўшним асли водийлик бўлса-да, касб-кори боис қадим у кишига Афросиёб, унинг сўқмоқлари, тарихий курашлар изини яшириб ётган тепаликлар қадрли бўлган. "Кўп вақтингизни қадимий Самарқанд шаҳрини шаклланиш жараёнини ўрганишга бағишлаган киши сифатида айтингчи, унинг ободлиги омиллари нима эди?", дея сўрайман.
– Афросиёб бир замонлар Самарқанд Сўғдининг пойтахти сифатида ўзга мамлакатлар ҳукмдорлари эътиборини тортган. Бунинг сабаблари нимада? Биринчидан, қулай ва мўътадил иқлим, тўрт фаслнинг таровати. Ери ҳосилдор ва яйловлари кўп бўлган. Ҳатто деҳқончиликнинг ривож топгани боис лалми ерлардан ҳам юқори ҳосил олишга эришилган. Ҳашаматли саройлар қуриш ва уларни безаш, қурол-яроғ ясаш учун ҳам маъданларни ишлатишни билишган. Олтин, кумуш, мис, темир, мармар ва оҳактошлар каби бойликлар бу заминда жуда сероб.
Қадимий Самарқандни ободлигига замин яратган суғориш манбаларини ўрганиб чиққанман. Айниқса, бу диёрга тоғлардан тушиб, ҳаёт бағишлаб турган сой ва дарёларнинг кўплиги деҳқончиликнинг ривожланишида қўл келган. Шаҳар ҳудудидаги булоқлар қайнаб турган. Зарафшон дарёси, Дарғом, Булунғур, Сиёб каби 100 километр узунликдаги каналлар қазилгач, 70 минг гектардан ортиқ ерда деҳқончилик қилиш имконияти туғилган. Бу эса қадимий Афросиёб, бутун Самарқанд Сўғдининг гуллаб-яшнаши ва ободлигига сабаб бўлган. Афросиёб чинакамига аждодларимизнинг ҳаётга муҳаббати, юртни севиш, уни асраш, ватанпарварлик жасорати тимсолидир.
Мен, касбимни яхши кўраман. Юртимни севаман. Самарқанд эса Ўзбекистонинг дурдонаси. Айтганингиздек, Афросиёбда кўп ишладим. Унга руҳий жиҳатдан жуда яқинман. Шаҳарнинг куйган бағри, малҳам истаб ётган тупроғи билан гаплашишимизга тўғри келади. Ишимиз шунақа...
Бугун Афросиёб салтанати осуда уйқуда. Тарихнинг ҳукмида. Унинг тинчини баъзи-баъзида археологлар, биз каби ижодкорлар, мухбирлар, сайёҳлар ва бир-бирини қувиб юрган болалар бузиб туришади. Вақт топсангиз, сиз ҳам шу тепаликларни кезинг, тарих билан юзлашинг, гаплашинг. Зеро, тарих сабоқлари келажакни мукаммалроқ бунёд этишни ўргатади.
Тошпўлат Тугалов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари.