Аҳмаджон Мухторов муҳаррирлар арбоби эди

Ўн уч йил давомида (1973 йилдан 1986 йилгача) “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон” газетаси)га муҳаррирлик қилган Аҳмаджон Мухторов ҳаёт бўлганида бугун 87 ёшга тўларди.

А.Мухторов 1986 йилдан республика «Қишлоқ ҳақиқати» ва «Сельская правда» газеталарига бош муҳаррир бўлган. 1991 йил 1 январдан “Халқ сўзи” газетаси асосчилари қаторида янги нашрнинг бош муҳаррири вазифасини бажаришга киришади.

Публицистика ва журналистикада Самарқанд мактабини шакллантирган, тожик ва рус тилларидан кўплаб бадиий асарларни таржима қилган А.Мухторов 2000 йилда вафот этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев Аҳмаджон Мухторов журналистик фаолияти ҳақида очерк ёзди. Қуйида ушбу очеркдан лавҳа ўқийсиз.

***

Ўтган асрнинг 80-90 йиллари ўзбек матбуотида “А.Мухторов” деган имзо жуда ҳам машҳур эди. Кимсан – Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” (ҳозирда “Зарафшон”) газетаси раҳбарлигидан тўппа-тўғри Марказқўмга бўйсунувчи “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига бош муҳаррир бўлиб келган, кўп ўтмай, Олий Мажлис шафеълигида “Халқ сўзи” газетасини ташкил этиб, уни оммага суюмли қилган маълуму машҳур публицист!..

Танимаганлар, у кишидаги жиддийлик ва қатъиятни кўриб, каттакон арбоб деб ўйларди.

Ҳақрост, Аҳмаджон Мухторов муҳаррирлар арбоби эди!

СССР халқ депутати Аҳмаджон Мухторовнинг қизил империя минбарлари-ю матбуотида ўзбек халқи манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилгани бугун, эҳтимол, кимларгадир арзимас бўлиб туюлар, аммо ўша даврда халқпарвар, жасоратли одамларгина шундай қилганини унутмаслик лозим. Ўзбекистон журналистикаси дарғаларидан бўлган бу инсонни мустақиллик тенгдошлари танимайди, аммо ёши улуғ зиёлилар “рўйи замин” фарзандини ҳамон ҳурмат билан эсга олади.

Тўғрисини айтсам, бу одамнинг суҳбатида бўлмаганман, лекин чиқарган газеталари, ёзган мақолаларини ўқиб, довруғи достон бу зотни ўзим учун кашф қилдим. Таассуротларимни сизга ҳам айтгим келди.

Самарқанд адабий муҳитида муҳри бор Аҳмаджон ака Тошкентга – Марказқўм газетасига мўмин-қобил дастёр бўлиш учунгина келмайди. Комфирқанинг муз қотган матбуотини эритиш, халққа яқинлаштириш чакана гапми? Менимча, “журналист” сўзининг ўзаги ўзбекчасига “журъат” бўлса керак.

1991 йилнинг илк куни Ўзбекистон маърифий ҳаётига ўзига хос янгилик олиб киради. Олий Кенгаш муассислигида “Халқ сўзи” газетаси чиқа бошлайди (Газетанинг нишона сони 1990 йил 29 октябрда босмадан чиққан). Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир!” сатрини шиор қилган янги нашр номини кирилл ва настаълиқда ёзиб, газетхонларга янада тушунарли бўлиши учун йил, ой, кунни милодий, ҳижрий қамарий ва ҳижрий шамсийда ҳам кўрсатиб ўтган эди.

1989-1991 йилларни ўзбек журналистикасининг, жумладан матбуотнинг олтин даври, десак муболаға бўлмайди. “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум”, “Фан ва турмуш” журналлари юз минглаб нусхада босилар, матбуот том маънода ҳақиқат минбари эди. Ана ўша нашрлар қаторига “Халқ сўзи” газетаси ҳам келиб қўшилади. “Қовун-қовундан ранг олади”, деганларидек, янги нашр сафдошларидан ортда қолмасликка, теппа-тенг қадам ташлашга интилди. Газета нишона сони билан халқ тилига тушиб, ўқувчилари кўпайгандан-кўпаяди. Бу муваффақият ўша вақтда Ҳабиб Темир, Анвар Жўрабоев, Абдунаби Бойқўзиев, Набижон Собир, Ўринбой Усмон, Жўра Саъдулла, Муҳтарама Улуғ, Ҳабибулла Олимжон, Тожиддин Раззоқ, Исмат Худоёр, Тоҳир Доли ўғли, Эсиргап Боли каби ижодкорлар заҳмати эвазига келган эди.

Халқ орасида “Дўстинг кимлигини айтсанг, мен сенинг кимлигингни айтаман”, деган нақл юради. Аҳмаджон ака атрофига худди ўзи каби қаламкашларни йиққанида мазкур ҳикматли гапни тасдиқлашни ўйлаб ҳам кўрмаган. Бундай уюшув қалб эҳтиёжи, руҳ, маслак ва ғоя талабидан келиб чиққани шубҳасиз.

Сояси бор одам шундай бўлар экан-да! Номи зикр этилганларнинг кўпчилиги миллий матбуотимиз саҳнасида атоқли бўлди.

“Биз “Зарафшон”данмиз” китобида таниқли муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев “Аҳмаджон Мухторов тиним билмай, енг шимариб ишлайдиган, таҳрир қалами бир зум тўхтамайдиган муҳаррирлардан эди. Бундай муҳаррирларни футболда ўйинчи-тренерга қиёслашади” деб ёзади. Газета тахламларини варақлаб, юқоридаги фикр нақадар тўғри эканига иқрор бўлдим. Расмий нашр раҳбари хоҳласа-хоҳламаса турли катта-кичик мажлис-муҳокамаларда қатнашиши шарт. Фикр ва руҳнинг эгови бўлган бундай даҳмазалардан, қолаверса, таҳририятнинг минг битта ташкилий-молиявий масалаларидан ортиб мақолалар битиш…

Ростини айтганда, бу мақолалар ўзини кўрсатиб қўйиш ёки қўлнинг қичувини қондириш учун ёзилмаган. Аҳмаджон ака имзосини арзон сотадиган ижодкор эмас эди.

Санаб чиқдим. Гоҳида Аҳмаджон Ғуломзода, баъзан Аҳмади Мухтор, аксарият ҳолларда Аҳмаджон Мухторов дея имзо чеккан журналист олти ой ичида “Уруш бўлмайди деб, уруш бўлди-я”, “Томдан тараша тушгандек”, “Ҳар ким тор доирада ўйламасдан, умумий манфаатни кўзласин”, “Ўн имзо остига имзо”, “Бировдан кам, бировдан зиёд”, Анатолий Ковалёв билан ҳамкорликда “Мевали дарахтга тош отадилар”, Ҳабиб Темир билан ҳамкорликда “Баҳор қайтиб келади”, “У айтмаган сўз”, “Синса кўнгил шишаси” каби йигирмага яқин мақола эълон қилган.

Олим Тошбоев.