“Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий стратегияси ишлаб чиқилади
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилинди.
Институтнинг асосий вазифаларидан бири соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади.
Фармонга кўра, қуйидагилар ишлаб чиқилади:
➖2024-2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастури;
➖2023 йил якунигача “Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий стратегияси.
Шунингдек, қуйидагилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилади:
➖Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги;
➖2024 йил 1 январдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси.
2026 йил якунигача тиббий суғурта республика бўйлаб тўлиқ жорий этилади.
2024 йил 1 январдан Вазирлик ҳузурида қуйидагиларни бирлаштириш орқали юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси фаолияти йўлга қўйилади:
➖Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси;
➖Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси;
➖Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси;
➖Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.
2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси дирекцияси ташкил этилади.