Александр Лукашенкони Гаага судида жавобгарликка тортиш учун ҳужжатлар йиғилмоқда

Беларусь президентлигига собиқ номзод Валерий Цепкало бир гуруҳ хорижий юристлар томонидан Беларусь етакчиси Александр Лукашенко ва унинг атрофидагиларни халқаро Гаага судида жавобгарликка тортиш учун ҳужжат йиғилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Беларусь президентлигига собиқ номзод ўзининг YouToube каналида маълум қилди.

Хусусан, 9 август куни ўтказилган президент сайловларидан сўнг норозилик намойишига чиқиб, жабрланган Беларусь фуқаролари кўрсатмалари йиғилмоқда.

“Ушбу исбот ва ҳужжатларнинг барчаси Гаага халқаро судига тақдим этилади. Бизда барча зарурий ҳужжатларни тайёрлаётган хорижий юристлар бор”, деди сиёсатчи.

Сиёсатчининг яна таъкидлашича, агар Лукашенко ва унинг атрофидагиларга нисбатан якка тартибдаги санкциялар жорий этилса, шунинг ўзи керагидан ортиқ етарли бўлади.

Цепкалонинг сўзларига кўра, санкциялар “Лукашенконинг ишончли бошқарувидаги ўтказмаларни амалга оширадиган” молиявий фонд, тижорат ташкилотлари ва шахсларга тааллуқли бўлиши лозим.

“Ушбу одамларнинг ҳар қандай молиявий ўтказмалари музлатилади. Бу тақиқ нафақат хорижий давлатлар ҳудудида, балки Беларусь Республикаси ичидаги пластик карточкалар орқали амалга ошириладиган тўловларга ҳам таъсир қилади”, деб аниқлик киритди сиёсатчи.