Алифбо, салтанат ва таназзул

2018 йили «Маърифат» газетасида лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосини ҳимоя қилиб ёзган мақоламдан кейин кўпгина газетхонларда менинг консерватив кўринишдаги қиёфам шаклланди. Ундан кейинги чиқишларимдан сўнг эса кўпчилик мени алифбо ислоҳотига қарши, янгиликлардан қўрқадиган одам деб ўйламоқда.

Нима бўлсаям, уй-жойим эди...

Тан олиб айтишим мумкинки, мен ҳақиқатан ҳам консерваторман. Масалан, ҳанузгача дўппи кийиб юраман. Тошкентда кимни дўппида кўрсангиз, билингки, улар ё Орзиқул Эргаш, Ё Зуҳриддин Исомиддинов ёхуд мен бўламиз. Шу важдан баъзилар мени андижонлик деб ўйлайди, яна кимдир талаффузимни эшитиб, бухороликмисиз деб сўрайди. Айримлар исмимни билгач, хоразмлик бўлсангиз керак, дея тахмин қилувчилар ҳам бор. Балки шунданми, охирги шеърий тўпламим Худойберган Комилов номи билан чоп этилиб кетди.

Бироқ мен булардан сира хафа бўлмайман. Мени эскичи деб билсалар ҳам, ижтимоий тармоқларда, матбуотда овозимни ўчиришга ҳаракат қилишса ҳам хафа бўлмайман. Ўзимни ҳам, танқидчиларимни ҳам «беайб парвардигор» деган фалсафа билан юпатиб қўя қоламан. Аммо, алифбо масаласида фикрим қатъий, унга тегиниш, ўзгартиришга мутлақо қаршиман.

Нега десангиз, яқинда интернетда улуғ шоир Чўлпоннинг муборак дастхатини кўриб, аламим яна тоза бўлди. Аввал ҳам адабиёт музейида буюк адибларимиз: Абдулла Қодирий ва Ойбекнинг араб имлосидаги дастхатларини кўргандим. Бинойидек чиройли ёзув. Қолаверса, Имом Бухорийдан Маҳмудхўжа Беҳбудийгача барча улуғларимиз ўзларининг ўлмас асарларини шу хатда битишган.

Қизиғи шундаки, араб ёзуви нақадар ноқулай бўлмасин, асрлар давомида халқимизга беминнат хизмат қилди. Ундан фойдаланиш давомида ўзбекнинг бирорта товуши ёки фонемаси ўзгармади, йўқолмади. Аксинча, араб ёзувида битилган ғазаллар, асарларнинг шираcини тотган киши қайта-қайта тамшаниб қўйиши аниқ. «Ўтган кунлар»ни мутолаа қилганлар, ҳатто, кейинги ёзувларда йўқолиб кетган айрим ўзбек фонемаларини қайта кашф этишди.

Шу ўринда бибим болалигимда айтиб берган қадимий ривоят ёдимга тушаверади.

Ўтган замонда бир соҳибжамол қиз бўлган экан. Кунлардан бир кун уни ўрмондан тушиб келган айиқ ўғирлаб кетибди. Тоғдаги ғорига обориб хотин қилиб олибди. Қизнинг яқинлари уни айиқ еб қўйган бўлса керак, деган андишага бориб, унга аза ҳам очишибди. Бу орада анча муддат ўтгач, ҳақиқатдан хабардор бўлган орияткаш акалари ғорни топиб бориб, пайт пойлаб айиқни ўлдиришибди ва сингилларини қутқазиб қишлоққа опкелишибди.

Бир куни қарасалар, сингиллари тоққа қараб йиғлаб ўтирганмиш.

- Нега йиғлаяпсан? - деб сўрашибди улар.

- Эрим ёдимга тушиб кетди. Айиқ бўлсаям, эрим эди, уй-жойим эди, - деган экан сингиллари кўз ёшини тўхтатолмай.

Шу маънода, ноқулай бўлса ҳам, ўқиш-ёзиш қийин бўлса ҳам, ўша эски ўзбек алифбомиз биз учун асрий қадриятларимиз хазинаси эди. Афсуски, ундан ажралганимиз миллатимиз учун қанақа катта йўқотиш бўлгани энди-энди билиняпти. Келинглар, ўша тарихий хатоларимизни қайта такрорламайлик, улуғ истиқлолимиздан нишона бўлиб қолган янги алифбомизни дахлсиз сақлайлик.

Шулардан келиб чиқиб, айтиб ўтиш лозимки, айрим устозларимизнинг агар алоҳида ҳарф билан ифодаланмаса, «нг» товуши йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари анчайин ишончсиз. Тўғри, уни қандайдир шохли ёки думли N билан ёзиш мумкин бўлса керак, аммо ўша ҳарфни компьютерда териш учун клавиатурасига янги белги қўйиб чиқишга тўғри келади ва бу фойдаланувчиларга яна янги муаммоларни келтириб чиқаради.

Фикримча, 1995 йилги алифбо ислоҳоти ўринли бўлган ва уни қайта ўзгартиришнинг ҳожати йўқ. Нима бўлгандаям, у болаларимизнинг саводини чиқарган ўттиз йиллик имломиз эканлигини зинҳор унутмайлик.

Салтанатлар силсиласи

Кейинги даврда империяларнинг таназзулга юз тутиши сабаблари ҳақида кўплаб тадқиқотлар ва назариялар ҳамда жамиятшунос олимларнинг фикр-мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин. Уларнинг бирида салтанатдаги ички муаммоларнинг кўпайиб бориши асосий омил сифатида айтилса, иккинчисида империя элитаси орасидаги айниш жараёни бош сабаб дея кўрилади. Яна бирида эса миллий озодлик ҳаракати бош сабабчи қилиб кўрсатилади.

Бу борада ҳам менинг қарашларим жуда консерватив бўлиб, империяларни дунё халқлари учун анчайин фойдали тузилма деб биламан. Халқимизда: «Бирлашган ўзар...» деган жуда ибратли нақл бор. Маълум бир эзгу мақсад йўлида халқлар ва мамлакатлар бирлашиб ҳаракат қилса, бунинг нимаси ёмон?!

Шу маънода, қадимий Рим империясидан тортиб, биз, кексалар туғилиб яшаб кўрган қизил империягача - барчасида қандайдир одамларни ўзига тортиб бирлаштирувчи жиҳатлари бўлгани аён ҳақиқат. Айтайлик, соҳибқирон Темур салтанатининг жозибаси адолатпарварлигида эди. Европа империялари ҳам ўз тасарруфидаги мустамлакаларига зулм ва зўравонликлар билан бирга тараққиёт ва маданият олиб борганлиги ҳам маълум.

Шу маънода, шоирларимиз Фурқат, Анбар отин, Ҳамза Ҳакимзодага шубҳали ёрлиқларни илиш дуруст эмас. Улар тараққиётни, янги замонни мадҳ этишганди, холос. Октябрь инқилобидан кейин етишиб чиққан зиёлиларимизни ҳам шўро империясининг маддоҳлари дея номланиши мутлақо нотўғри.

Умуман, танқидчиларнинг ўзи яшаб кўрмаган замон ва унинг одамлари ҳақида ҳукм чиқаришлари унчалик дуруст эмас деб ўйлайман. Айтайлик, ўша даврда яшаб ижод қилган адибларимизни тили ва дили бошқа мунофиқ одамлар бўлган, деган қарашларга мутлақо қаршиман. Улар жаҳоншумул инқилоблар ва ислоҳотлар даврида яшадилар.

Қанчалик ажабланарли туюлмасин, қизил империянинг ҳам халқ эътиборини ўзига тортувчи жозибали жиҳатлари бор эди. Масалан, коммунистик мафкура олдинга сурган тенглик, тинчлик, дўстлик, камбағалпарварлик таомиллари, сохта бўлса-да, адолат ва ҳақиқатпарварлиги ҳозирги даврда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаяпти.

Шу маънода қай бир йирик салтанат бўлмасин, ўзининг марказга тортувчи кучи бўлмаса, муқаррар ҳалокатга маҳкум бўлади. Шу боис, ҳар бир империянинг кучли миллий ғояси бўлиши шарт. Акс ҳолда, унинг қудрати йилдан йилга синиб, сўниб бораверади.

Биз бугунги кунда ушбу ҳолатни тобора емирилиб бораётган рус империяси мисолида кўриб турибмиз. Маълумки, Россия асрлар давомида қўшни халқлар ва ҳудудларни зўравонлик билан эгаллаб олиш ҳисобига кенгайиб борган йирик салтанат ҳисобланади. Тарихан кўпмиллатли бўлган бу мамлакатда ҳозирги даврда тайинли миллий ғоя мавжуд эмас.

Кундан кунга одамлар миясига сингдираётган «рус дунёси» ҳақидаги шовинистик кўзқарашлар кўпмиллатли, кўпдинли жамиятлар учун ҳеч қачон миллий ғоя бўла олмайди. Шу маънода, коммунистик мафкура Россия жамияти учун бирдан-бир уюштирувчи куч бўлганлиги тобора аён бўлиб бормоқда.

Коммунистик Хитой ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин. Улар ақлли иш тутиб, чуқур иқтисодий ислоҳотлар даврида ҳам коммунистик жиловни бўшатишмади. Аксинча, сиёсий-ижтимоий назорат йилдан йилга кучайиб бормоқда. Энди бу ҳолатнинг қанақа оқибатларга олиб бориши алоҳида ўрганиладиган мавзу.

Нима бўлганда ҳам у ёки бу мамлакат элитаси давр талабига ҳозиржавоблик билан ҳаракат қилмас экан, мамлакатни муқаррар таназзул кутади. Давлатни аллақандай миллий, ирқий, диний, тарихий ёки сиёсий афсоналарга таяниб бошқариш қанақа аянчли оқибатларга олиб боришини биз бугунги кунларда ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Ғалати вазирлик

Ҳақли равишда дунё мамлакатлари лидери дея тан олинган Америка Қўшма Штатлари ҳам кейинги йилларда ўзининг асрлар давомида синовдан ўтиб келаётган миллий ғоясидан тобора чекиниб бормоқда. Америкаликларнинг «озодлик, дин, оила, хусусий мулк» деган тўрт муқаддас таомиллари шубҳа остига олинмоқда.

Мамлакат ортиқ демократия намунаси бўлишдан, дунёда тартиб ўрнатувчи миршаблик вазифасидан чекиниб, ўз қобиғи ичида ўралашиб қолмоқда. Бу жараённинг жаҳон айвонида янги лидерлар пайдо бўлиши билан бир вақтда кечаётгани империя учун янги хатарларни пайдо қилмоқда.

Айниқса, Дональд Трамп ҳокимият тепасига келганидан кейин мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий қиёфаси анчайин ўзгариб кетди. Янги президентнинг айрим гаплари, қилиқлари баъзан бир-бирига тамоман зид келади.

Масалан, Тинчлик бўйича Нобель мукофотига даъвогарлик қилиб келаётган Трамп мамлакат мудофаа вазирлигини «Уруш вазирлиги» дея қайта номлади. Ёки бўлмаса, у тиш-тирноғи билан «яшил» энергетикага қарши. Бир пайтлар коронавирус пандемиясини демократлар ўйлаб топган сафсата деб атагани ҳам тарихий факт.

У ўз шахсиятини марказга олиб чиқиш учун энг золим мустабид диктаторлар билан ҳам келишувга тайёр. Демократик партияни Американинг биринчи рақамли душмани деб эълон қилди. Унинг назарида глобал иқлим исиши ҳам олимлар томонидан ўйлаб топилган ёлғон эмиш.

Хуллас, унинг турли масалаларда айтган фикрларини эшитиб фақат ҳайрон бўлиш мумкин, холос. Дунёнинг энг йирик давлатлари бошига бундай чаласавод, ёлғончи раҳбарларнинг чиқиб олишининг ўзида аллақандай номутаносиблик борлигини сезиб олиш қийин эмас.

Буларнинг бари инсоният минг-минг йиллардан буён тўплаган тарихий-сиёсий-ижтимоий тажрибалар унутилиб бораётганидан далолат бермоқда. Бу ҳолат бугунги кунларда уруш ва тинчлик масаласида яққол кўринмоқда. Оқибатда, жаҳондаги айрим халқлар бошига беҳисоб кулфат ва азоб-уқубатлар ёғилмоқда. Одамларда руҳий-маънавий мувозанат бузилиб бормоқда.

Яқинда асирга тушиб қолган россиялик бир аскарнинг онаси билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатини эшитиб, ёқа ушладим. Она боласининг асирликда тирик ва соғ-омон эканлигини билиб суюнмаяпти.

«Сен менинг ўғлим эмассан, менинг ўғлим ўлган, сендан қорахат келган, биз сенинг кафанлик пулингни олиб ишлатиб юборганмиз. Сени тириклигингни билишса, биздан пулни қайтариб олишади», деяпти она.

Бир пайтлар Иккинчи жаҳон урушидан кейин улуғ шоирамиз Зулфия: «Она қалби оёққа турса, ўғлим, сира бўлмайди уруш!», дея ёзган эди. Россиялик она-бола суҳбатини тинглаб туриб, уруш вазирлигининг пайдо бўлганига сира ажабланмай қўйдим.

Кўриниб турибдики, одамлар бошига турли ғам-кулфатларнинг ёғилишига у ёки бу масалада юзаки билимга эга бўлган ваколатли шахслар сабаб бўлмоқда экан. Айтайлик, табиий фанларда Трамп анчайин оқсоқ, Путин эса аниқ фанларни «3» баҳо билан ўқиган. Мавзуни яхши билмаслик охир-оқибат катта хатоликларни келтириб чиқаради. Йирик одамларнинг хатоси ҳам йирик бўлиши табиий.

Мақолани алифбо ислоҳоти ҳақидаги гаплар билан бошлагандим. Шу масалани чуқурроқ ўрганиб чиқиш давомида қизиқ фактларга дуч келдим. Имлони лотинлаштириш ғояси, аслида, Владимир Лениннинг кўрсатмаси билан бошланган экан. Мақсад бутун дунё пролетарларини бир алифбо атрофида бирлаштириш бўлган экан. Ўшанда, ҳатто рус алифбосини ҳам лотинга ўзгартириш кўзда тутилган.

1926 йилда СССР туркологларининг Бокуда бўлиб ўтган анжуманида барча мусулмон республикалари араб ёзувидан воз кечиб, «яналиф», яъни лотин ёзувига ўтишга қарор қилишган. Аммо, негадир 70 дан зиёд миллат ва элатни янги имлога ўтказиб, руслар ўз ёзувини сақлаб қолган ва кейинчалик уларнинг ҳаммасига кирилл алифбосини жорий этган.

Бундан кўриниб турибдики, рус шовинистлари турли воситаларни ишга солиб, халқларни тилидан, динидан, тарихидан ва минг йиллик маданиятидан узоқлаштиришга ҳаракат қилишган ва бунга қайсидир маънода эришганлар.

Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.