Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алишер Навоий асарлари дунё олимлари эътиборида

Бугун Самарқанд давлат университетида “Алишер Навоийнинг жаҳон адабиётида тутган ўрни” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Бу йил ҳазрат Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлди. Навоий бугун нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун дунё маданий оламида эътироф этилмоқда.

- Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди, - деди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. - Бугунги республика илмий-амалий анжуманининг айнан Самарқанд давлат университетида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки Алишер Навоий кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри учун ҳам бегона эмас. Ҳазрат умрининг энг навқирон йилларида айнан Самарқанд шаҳрида мадраса таълимини олган. Ўша пайтлардаги Самарқанд илмий-адабий муҳити буюк шоир ва мутафаккирнинг шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Университетнинг узоқ йиллар давомида улуғ бобомиз номи билан аталишида ҳам шу маъно мужассам.

Zoom тарзида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда Алишер Навоий қолдирган бетакрор асарлар таҳлил қилинди, унинг илмий меросини ўрганган олимларнинг маърузалари тингланди.

Конференция иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида шўъбаларга бўлиниб, шоирнинг илмий-фалсафий қарашлари, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, ғазал ва рубойиларини кенг таҳлил қилди. Шоир ва мутафаккирнинг бизгача етиб келган бой илмий мероси ҳамон олимлар эътиборида. Алишер Навоийнинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилингани бунинг исботидир.      

Конференцияда республикамизнинг мутахассис олимларидан ташқари, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон давлатларидан ҳам олимлар иштирок этди.