Америкадаги Стэнфорд университети қандай ташкил топган?

Камтарона кўйлак кийган аёл оддийгина костюмдаги эри ҳамроҳлигида Бостон станциясида поезддан тушиб, Гарвард университети томон йўл олди.

Улар Гарвард университети президенти қабулига ёздирилмаган эди. Котиб провинциялик бундай одамларнинг Гарвардда иши битмаслигини бир қарашда англаб олди.

-   Биз президент билан учрашмоқчи эдик, - деди эркак паст овозда.

-   У кун бўйи иш билан банд бўлади, - дея қуруқ жавоб қилди котиб.

-   Майли, кутамиз, - деди аёл.

Бир неча соат давомида котиб ташриф буюрганлар умидсизликка тушиб кетишади, деб ишониб уларни эътиборсиз қолдирди. Бироқ уларнинг ҳеч қаерга кетмасликларига ишонч ҳосил қилиб, гарчи, истамаса ҳам президентни безовта қилишга қарор қилди:

- Уларни бир дақиқагагина қабул қилсангиз, балки тезроқ кетармиди?  - деб сўради у бошлиғидан.

- У оғир хўрсиниб рози бўлди. Негаки, у каби нуфузли инсон оддийгина кийинган одамларни қабул қилишга вақт тополмасди.

Меҳмонлар хонага кирганда, президент бу жуфтликка кескин ва таккабурлик билан қаради. Аёл гап бошлади:

-   Бизнинг ўғлимиз бир йил давомида сизнинг университетингизда таҳсил олганди. У бу ерни яхши кўрарди ва бу ерда жуда бахтиёр эди. Афсуски, бир йил олдин у кутилмаганда вафот этди. Биз университет ҳудудида у ҳақида хотира қолдирмоқчимиз.

Бу гапдан президент мутлақо хурсанд бўлмади, аксинча ғазабланди.

- Хоним! – дағаллик билан жавоб берди у. – Биз Гарвардда ўқиган ва вафот этган ҳар бир кишига ҳайкал қўя олмаймиз. Агар шундай қиладиган бўлсак, бу жой қабристонга ўхшаб қоларди.

- Йўқ, - дея эътироз билдиришга шошилди аёл. - Биз ҳайкал ўрнатишни хоҳламаймиз, биз Гарвард учун янги корпус қурмоқчимиз.

Президент унинг ранги ўчган катак гулли кўйлаги ва эрининг камбағал костюмини кўздан кечирди ва шундай деди:

- Корпус! Битта корпус қанча туришини биласизми? Гарварддаги барча биноларнинг қиймати етти миллион доллардан ошади!

Аёл бир дақиқага жим бўлиб қолди. Президент зарда билан жилмайиб қўйди ва ва уларни ҳайдаб чиқармоқчи бўлди.

Аёл эрига ўгирилиб жимгина деди:

- Янги университет қуриш шунчалик кам харажат экан, унда биз ўз университетимизни қура қолайлик.

Эркак бош ирғади. Гарвард президентининг ранги оқариб, саросимага тушди.

Жаноб ва хоним Стэнфорд ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетишди. Калифорниянинг Пало Альто шаҳрида улар ўзларининг севимли ўғли хотирасига бағишлаб Стэнфорд университетини ташкил этишди.

Эслатиб ўтамиз, Стэнфорд университети темир йўл магнати, АҚШ сенатори Леланд Стэнфорд ва унинг рафиқаси Жейн Стэнфорд томонидан ташкил этилган. Университет уларнинг 1884 йилда 16 ёшга етмасдан вафот этган ягона ўғли Леланд Стэнфорд (кичик) номи билан аталган. Стэнфордлар университетни ёлғиз ўғлига бағишлашга қарор қилишди ва Леланд хотинига шундай деди: “Калифорниянинг болалари бизнинг фарзандларимиз бўлиб қолади”.

Интернет материаллари асосида Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.