Навбаҳор Имомова: Ҳукумат бизни ёқтирмаса-да, бизга ишониши керак

«Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомова шу кунларда Самарқандда оммавий ахборот воситалари учун ўтказилаётган тренингда иштирок этиб, журналистларга соҳага доир турли мавзуларда маҳорат машғулотлари ўтди. Фурсатдан фойдаланиб, Zarnews.uz мухбири Навбаҳор Имомова билан бугунги кунда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ҳақидаги фикрлари ҳақида суҳбатлашди.

 

- Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда бевосита фаолият олиб бораяпсиз. Юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида қандай ўзгаришларни сездингиз ва қандай яхши ўзгаришлар ҳозирча содир бўлгани йўқ?                 

- Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида оммавий ахборот воситалари давлат назоратидаги соҳа бўлган ҳамда улар ҳукумат пропагандаси билан шуғулланган. Ўзбекистон бу борада ягона эмас, лекин шундай ҳолатга мамлакат классик мисол бўла олади. Яхши томони, ўтган икки йил орасида журналистлар биз энди илгаригидай эмас, ҳақиқий, ишончли оммавий ахборот воситаси бўлишимиз керак, деб бошлади ва реал матбуот эркинлиги учун курашиш истагини билдирди. Оммавий тарзда, кескин кураш кетмоқда, демоқчи эмасман, лекин улар бу курашни ўзларига нисбатан ишонч билан амалга оширмоқда. Халқ дардини бериш керак, деган мазмунда ҳаракат қилишмоқда. Албатта, халқ деганда бевосита ҳукуматни ҳам тушуниш лозим. Сабаби, ҳукуматда ҳам одамлар, яъни халқ ишлайди. Биз журналист сифатида ҳам халқнинг, ҳам ҳукуматнинг ишончини оқлашимиз керак. Ҳукумат бизни ёқтирмаса-да, бизга ишониши керак, халқ ҳам бизни ёқтирмасаям, оммавий ахборот воситалари вакилларига ишониши керак. 

  

- Камчиликлари ҳақида нима дея оласиз?

- Етишмовчиликлар ҳам албатта бор. Журналистлар ҳамон маълумот олиб, уни таҳлил қилиш билан эмас, кўпроқ тарғибот билан шуғулланаётгани, нохолис қараш, бирёқлама ёндашувлар ҳамон учраб турибди. 

Журналистнинг вазифаси одамларни хурсанд қилиш эмас, одамларга зарур ахборотни беришдир. Одамлар аксарият ҳолатларда ўзлари истаган нарсани ўқишни, кўришни хоҳлайди, бу глобал феномен. Журналистлар ўша йўлдан борса, албатта, аудитория ошади, кўпроқ реклама қилиши мумкин, пул кўпроқ топади. Лекин бу журналистика эмас! Одамлар нимани билиши кераклигини улардан яхшироқ билишимиз керак. Аҳоли ўша ахборотни ўқиётганда бу ўзи учун қанчалик муҳим эканлигини англаши керак. Ахборот беришдан ташқари яна бир асосий функциямиз одамларга билим беришдир. Зарур билимларни узатиш орқали уларни ўйлантиришга ундашимиз лозим. Шундагина улар муаммолари ечими сари қадам ташлайди. Биз муаммоларни ечиб бермаймиз. Биз у нима учун мураккаб вазиятга тушиб қолгани ва бу борадаги тўсиқ ва имкониятларни кўрсатиб беришимиз керакки, у ўз муаммоси ечими сари йўл топсин. Яъни журналист адвокат эмас, у прокурор ҳам эмас, судья ё ҳоким эмас. Биз кимнидир уйли қилолмаймиз, кредит олиб беролмаймиз. Лекин биз мисол учун мамлакатда нима учун кредит системаси яхши ишламаётгани, у ердаги коррупция ҳолати ёки нима учун одамларнинг уй-жой билан таъминланиши қийин кечаётганини, имконияти чекланган одамларга кўрсатилаётган хизматлардаги муаммоларни таҳлил қилиб беришимиз мумкин. 

Айни кунларда Самарқандда хусусий секторни, молиявий соҳани ёритишни профессионаллаштириш юзасидан семинарлар олиб бораяпмиз. Бу шу туркумдаги семинарларнинг бешинчиси, бир нечта вилоятда, ҳудудий тарзда ўтказаяпмиз. Бу ҳам ўзига хос прогресс. Олдин бунинг иложи йўқ эди. Бутун дунёдан экспертлар келиб, журналистларга билимлари билан ўртоқлашмоқда. Бу ҳам журналистика ривожида ижобий қадам, деб баҳолайман.

- Самарқанд оммавий ахборот воситалари ҳақида ҳам фикрларингизни билдирсангиз?

- Самарқандда ҳам республиканинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари хусусий медианинг, ахборот сайтларининг контенти кўпроқ, улар кўпроқ танқидий материаллар билан чиқиш қилмоқда. Афсуски, давлат нашрларида ҳамон ички цензура кучлироқ.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, матбуот эркинлиги учун кураш доимий жараён. Бу масалада ҳеч қачон марра бўлмайди. Мана, бўлди, матбуот эркин, энди бемалол ишлаш мумкин, каби хотиржамликка асло берилиб бўлмайди. Америкада ҳам ҳар куни матбуот эркинлиги учун кураш бўлади, шунинг учун ҳам улар ўз эркинлигини ушлаб турибди.        

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.