Амир Темурнинг арча дарахти ёғочидан тайёрланган тобути Самарқанд музейида

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида "Амир Темур мақбарасининг ўрганилиш тарихидан" номли кўргазма мавжуд. У ХIV аср охири - ХV аср бошларида Марказий Осиё архитектурасининг шедеврларидан бирининг ўрганилиш тарихини асл ва илмий-ёрдамчи материаллар асосида ёритиб беради.

Кўргазма Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирган тарихчилар – Мирхонд ва Ибн Арабшоҳ асарларида келтирилган маълумотлар билан бошланади.

Кўргазмада ХIХ аср охири - ХХ аср бошига тегишли бўлган мақбара кўриниши туширилган асл нусхадаги откриткалар ва иккита китоб: 1885 йилда чоп этилган "Живописная Россия. Средняя Азия" ва 1894 йилда чоп этилган 199 та расм туширилган рассом Дмитриева-Кавказскийнинг "По Средней Азии" асарлари намойиш этилган.

Биринчи тадқиқот ишлари 1895 йилда машҳур архитекторлар А.В.Шусев ва П.П.Покришкенлар томонидан ёдгорликни батафсил ўлчаш ишлари олиб борилиши билан бошланди. Ўрганиш натижасида 1905 йилда Н.И.Веселовский томонидан тарихий маълумотномага эга бўлган ўлчовли чизмалар альбоми чоп этилди. Ушбу альбом музейимизнинг фондида сақланади ва 8 варақдан 1 та саҳифаси кўргазмада намойиш этилган.

Кўргазмада Амир Темур мақбарасининг очилиш жараёнидан видеофильмдан лавҳалар намойиш этилмоқда. Ушбу тадқиқот давомида хилхонадаги қабрларда Амир Темур ва темурийлар сулоласи вакиллари дафн этилганлиги ўз исботини топди. Шунингдек, экспозицияда илк бор Самарқанд қоғозида тайёрланган ушбу экспедициянинг олимлар имзолари туширилган ҳужжатлар нусхасини ҳам кўришингиз мумкин. Намуналар Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтининг архивидан нусха олинган.

Кўргазмада Амир Темурнинг арча дарахти ёғочидан тайёрланган тобути, шунингдек, Амир Темур ва Шоҳруҳ Мирзо тасвирларининг гипсдан ишланган - бюсти тақдим этилмоқда. Музей фондларида қурилиш комплексида фойдаланиладиган буюмлар ва қурувчилар томонидан ишлатилувчи қисмлар мавжуд.

Кўргазмада ўтган асрнинг 90-йилларида меъмор Эгамберди Нуруллаев томонидан яратилган мақбаранинг реконструкция қилиш лойиҳаси намойиш этилмоқда.