Андижондаги мактабда педагоглар калтакланди

Андижонда ўқитувчиларнинг кийиниш маданиятига риоя қилмаганлиги боис жанжал келиб чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Воқеа жорий йилнинг 5 октябрь куни соат 13.30 ларда содир бўлган. Фуқаро У.Т. ва бошқалар жамиятда юриш туриш қоидасини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган 50-умумтаълим мактаби биноси ҳудудига келиб, мазкур мактабда директор ўринбосари лавозимида ишловчи Ш.Ўрмонов ҳамда Г.Ашуровлар билан асоссиз равишда ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида қўллари ҳамда бошқа жисмлар билан уларнинг турли соҳаларига зарбалар беришган.

Олиб борилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида, мактаб директори ўринбосарлари гумон қилинувчи Т.У.нинг турмуш ўртоғи, мазкур мактабда ўқитувчи вазифасида ишловчи Ю.Д. кийиниш маданиятига риоя қилмаганлиги боис танбеҳ берганликлари сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертиза маълумотномасига кўра, Ш.Ўрмонов ҳамда Г.Ашуровларга қисқа муддатли соғлиққа зарар келтирувчи енгил шикаст етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.