АҚШ ҳарбий делегацияси Самарқанд шаҳрига келди

Ўзбекистон Республикаси кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги генерали Д.Пирак бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги сайти.

Америкалик ҳарбийлар дастлаб кичик мутахассислар тайёрлаш марказининг ташкил этилиши, мутахассислик йўналишлари, мавжуд ўқув-моддий база, машғулотларни ўтказиш тартиби тўғрисида тайёрланган тақдимот билан танишди.

Шундан сўнг марказ бошлиғи полковник А.Жабборов бошчилигида техник тайёргарлик, ахборот ва комуникация технологиялари, тактик тайёргарлик, техникаларни таъмирлаш бўйича мавжуд ўқув хоналари бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Делегация аъзолари курсантларнинг яшаш хоналари, уларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ётоқхона ва ошхонада ҳам бўлишди. Яратилган шарт-шароитлар уларда ижобий таассурот қолдирди.

Учрашув якунида Д.Пирак ўқув-таълим масалаларида ўзаро ўртоқлашиш мақсадида марказ мутахассисларини АҚШда мавжуд бўлган сержантлар тайёрлаш марказларида тажриба алмашишга таклиф этди.

Учрашув якунида меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор ва тарихий жойларини томоша қилди.