Аслида ким ёлғончи? Прокуратурами, ҳокимликми, сув хўжалиги идорасими ёки саксон ёшли Салим Розиқовми?

Афсуски, қатор масъул идора раҳбарларининг шунчаки масъулиятсизлиги, фуқаро мурожаати, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, тақдирига бефарқлиги натижасида Салим бобо оддийгина бир муаммога ечим тополмайди. Энг даҳшатлиси, бу масалани ҳал этиш мумкин бўлса-да, ана шуни ўз гарданига оладиган раҳбар ҳозиргача бутун бошли Ургутда топилмади. Аксинча, барча ташкилот мутасаддилари муаммо ечимидан ўзини олиб қочиш учун энлик-энлик хат ёзиб қўя қолади.
Ургут туманидаги Аълохотин маҳалласи ҳудудидан Янгиариқ канали оқиб ўтади. Канал ён-атрофига бир неча йиллар давомида турли чиқиндилар ташланади, аниқроғи, қаровсиз аҳволда. Илгари ҳам қатор савобли ишларга қўл урган, жумладан, бир неча йил олдин қишлоқ аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида туман ҳокимлиги рухсати билан тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқланган лойиҳа асосида ўз ҳисобидан бир ярим тонна юк кўтариш қувватига эга кўприк қурган Салим бобо шу ерни обод қилишни истаяпти.
– Қаровсиз ҳолатдаги бу жойларга файз киритиш мақсадида канал ёнидан 300 метр узунликда дарахтзор барпо этиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат сўрадим, – дейди С.Розиқов. – 1996 йил 17 сентябрда Ургут туман ҳокимининг "Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи "Янгиариқ" канали қирғоқ бўйи муҳофаза зонасининг 30 метр масофадаги жами 147.0 гектар ер майдонини вилоят сув хўжалиги бирлашмасига ажратиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган. Шу ҳужжатга кўра, қирғоқ бўйи муҳофаза зонасининг 30 метр масофадаги суғориб ҳайдаладиган ерлар, боғ, узумзор ва тутзорлар вилоят сув хўжалиги бирлашмаси билан келишилган ҳолда фойдаланиш ширкат ёки фермер хўжалик раҳбарлари зиммасига топширилган. Аммо мана, неча йилдирки, мақсадимни амалга ошириш учун на туман ҳокимлиги, на вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси унинг туман бўлими ҳам ва на бошқа бирор масъул ташкилот хайрихоҳлик билдирса.
Кўп югур-югурлардан сўнг, муҳофаза этиладиган бу ерлар 2007 йилдаёқ "Асатулло Дўстович" фермер хўжалигига қўшиб юборилгани маълум бўлади.
– Аслида ўша вақтда жуда хом ўйлаган эканман, – дейди Салим бобо. – Ахир муҳофаза этиладиган қирғоқбўйи ерларнинг қандай қилиб фермер хўжалигига ўтказилганига ҳеч тушунолмасдим. Кейин эшитишимча, кўплаб фермер хўжаликлари ўз ихтиёридаги ерларни талон-торож қилиб сотиб юборгач, жойини тўлдириш учун, қирғоқбўйи бўладими, бошқами, лойиҳасига киритиб олавераркан. Билмадим, шу сабабми, бошқами, хуллас, менга рад жавобини беришди.
Шундан сўнг қатор ташкилотлар бобога фермер билан келишган ҳолда бемалол қирғоқбўйига дарахтлар экиб фойдаланиш мумкинлигини билдиришади. Аммо бу иш ҳам амалга ошмайди. Ана шу ҳолат, икки энлик қирғоқбўйи ерлардан фойдаланиш имкониятини қарийб ўн йил давомида ҳал қилиб беролмайди. Энг алам қиладигани, барча ташкилот тамоман рад жавоби ҳам бермайди, ҳал қилиб ҳам бермайди. Салим бобо эса ҳокимлик, қишлоқ ва сув хўжалиги идоралари эшигида "штатсиз қоровул"га айланади. Бу билан эса бирор раҳбарнинг иши йўқ!
Салим бобо ҳам матонатли экан, югуришдан тўхтамади. Республика Президентигача мурожаат қилди. Аслида ушбу муаммо бир томондан Президентга ёзишга арзигулик ҳам. Негаки, республика бўйича минглаб километр масофада муҳофаза этиладиган қирғоқбўйи ерлари бор. Агар улар шартнома асосида фуқароларга расмийлаштириб берилса, эҳ-ҳе, юз минглаб одамлар ишли бўлиб, чет давлатларда сарсон бўлиб юрмасди. Бозорларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳозиргидан кўпроқ чиқар, экспорт ҳам шунга яраша бўларди. Аммо Ургутда Президентнинг виртуал қабулхонасини чалғитиш учун ҳам ҳийлалар топилади. Раҳбарлардан доимо эътиборсизлик кутиб ўрганган Салим бобо бу гал уч-тўрт нафар зиёли одамнинг ҳузурига келиб, илиқ гаплашишидан ҳайрон қолди.
– Порталга ёзган экансиз. Энди сизга ер ажратамиз, битта ариза ёзинг, – деди сув хўжалиги идорасидан келган йигит қоғоз, ручка тутқазиб. – Раҳмат, энди "ишим ҳал бўлди" деб ёзиб беринг, илтимос. Ахир сизга ер ажратамиз-ку, отахон.
Содда қария улар айтганини қилди. Тамом, шу билан ўзига ўзи хулоса ёзиб берди. Минг афсуски, эртасига яна ўша ҳолат: "Бобожон, бу ерни сизга ажратиб беролмаймиз, у фермер хўжалигига қарашли". Шундан сўнг "Ґожи бобо нимадан норози" сарлавҳали иккинчи мақолани ёздик (2018 йил 6 февраль).
Ниҳоят жорий йил 3 апрелида Ургут туман прокуратурасидан таҳририятимизга келган хат бизда озгина умид учқунини ёқди. Чунки туман прокуратураси йўллаган мактубда "Асатилло Дўстович" фермер хўжалиги фаолияти тугатилиб, ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинганлиги маълум қилинди. Бу эса энди тегишли ҳужжатларни тўғрилаб, ўша ердан фойдаланишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, дегани эди. Прокуратура ҳам Салим Розиқовга жавоб хатида шу ҳақда билдиради:
"Сиз собиқ "Асатилло Дўстович" фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонидан ер ажратиш масаласида туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилишингиз мумкинлиги ва мазкур жавобдан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи прокурорга шикоят қилиш ҳуқуқингиз тушунтирилади".
Салим бобо бу жавобдан боши кўкка етади. Ва тезда туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Шу билан биз ҳам ўн йил деганда(!) охир-оқибат Салим бобо ниятига етадиган бўлибди, деб тургандик. Аммо туман ҳокимлигининг С.Розиқовга жавоби... Кечирасиз, туман ҳокимлиги фуқарога жавоб ёзишни лозим топгани йўқ. Аниқроғи, туман сув хўжалиги раисининг ҳокимликка жавоб хатидан бир нусха Салим бобога ҳам жўнатилади. Бу хатга эса соғлом одамнинг ишонгиси ҳам келмайди – "Ушбу ер туман ҳокимлигининг қарорига асосан "Асатилло Дўстович" фермер хўжалиги ҳисобида турибди".
Ана шу жавобдан кейин Салим бобонинг ҳам иродаси синди. "Қўй, болам, шу мақолангни ҳам. Токи ҳокимнинг, прокурорнинг, қишлоқ ва сув хўжалиги катталарининг ўзи муҳтож бўлмас экан, фарзанди ишсиз қолмас экан, ҳеч қачон бизнинг дардимизни ҳис қилмайди. Энди уларнинг қай бири мени ахмоқ қилаётганини ҳам тушунмай қолдим", деган гапи ҳам алам қилди. Айтинг-чи, энди мен Салим бобони бугун юртимизда буюк ўзгаришлар бўлаётганига, юқоридаги мансабдорлар халқнинг хизматкори эканлигига қандай ишонтираман?
Отахоннинг гапида жон бор. Агар бу ер ўзларига керак бўлганида "катта"лар минг бир йўлини топишарди. Аммо Салим бобо оддий фуқаро, ундайларни шунчаки, битта жавоб хати билан четга суриб қўйиш осон...
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.