Авиа ва темир йўл рейсларига чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим бўлади
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби ҳақида маълумот берилди.
Мазкур тартибга мувофиқ йўловчиларга қуйидаги талаблар қўйилади:
Рейсларга чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим.
Бунда Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.
Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади.
Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчиларга авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.
Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.
Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.
Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.