Автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ҳудудида “Damas” русумли автомобиль ёниб кетди

Жорий йилнинг 17 октябрь куни соат 15:09 да Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Олтин дала МФЙда жойлашган «Имкон сервис» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси ҳудудида “Damas” русумли автомобилда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар берди.

Ёнғинни бартараф этишга 1 та ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинма воқеа жойига 2 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:13 да қуршаб олиниб, соат 15:16 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғиннинг кенг майдонга тарқалиб кетиши олди олинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ҳодиса оқибатида фуқаро Х.Ж.га тегишли “Damas” тўлиқ ёниб зарарланган.

Ёнғинга автомобилга сиқилган газни тўлдиргандан сўнг газ шланги узилмасдан автомобилнинг ҳаракатланиб кетиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.