Автосаноатимизга билдирилган ишонч

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини инженер-механик мутахассислиги бўйича тамомлаб, илмий иш қилиш ниятида юрган пайтларимда Самарқандда Туркиянинг “Отайўл” корхонаси билан ҳамкорликда янги завод очилаётганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Устозларимнинг тавсияси билан шу заводда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Синовлардан яхши ўтиб иш бошладим. Икки йиллик қурилиш жараёнидан сўнг 1998 йилда завод ишга тушди.

Дастлабки пайтларда автобуснинг кузови ҳам тайёр ҳолда келарди, биз фақат пайвандлаш ишларини бажарардик, холос. Ишлаб чиқариш жараёнларини тушунадиган мутахассислар топишдаги қийинчиликларни айтмаса ҳам бўлади. Йиллар ўтиб, қисмларни  йиғишни ўзлаштирдик. Кейинчалик заводда лойиҳалаш ва технология бўлимлари очилди. Заводда оддий юк машиналарини тайёрлагандик, бозор талабидан келиб чиқиб, 2012 йилда ўзимизнинг автобусимизни ишлаб чиқардик. Ўша пайтларда тажрибамиз унчалик кўп бўлмаса-да, лойиҳачи чизиб, автобус моделини яратди. Лекин янги автобусни ишлаб чиқариш лойиҳалашдан кўра тубдан фарқ қилади. Шундай бўлса-да, ўзимиз автобус ишлаб чиқаришни уддаладик. Кейинчалик завод инқирозга учради ва кўплаб тажрибали ишчилар кетиб қолди. Вақт ўтиб, Япониянинг “Исузу” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бу энди бутунлай бошқа жараён, бошқача ишлаб чиқариш технологиялари кириб келди. Яна малакали ишчиларни жалб қилиш ҳам осон кечмаган. Шундай қилиб, 30 дан ортиқ мутахассис ишчи ва 4 та асосий йўналиш шаклланди. Деталларни ишлаб чиқариш, пайвандлаш, юк кўтариш техникалари ва автобуслар учун йиғиш жараёнлари, бундан ташқари, электрожугларни ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз, пластмассадан деталлар ясаяпмиз, локализацияни ўзимиз қиляпмиз. Замонавий ўт ўчириш машиналари ишлаб чиқариш учун илғор компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугунга келиб, заводда ўт ўчириш машиналари, автобусларнинг кузов, кабиналарини тўлиқ ўзимиз тайёрлаяпмиз, бошқа қисмларни  ҳам маҳаллийлаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда заводда коммунал соҳага мўлжалланган махсус техникалар, ўт ўчириш машиналари, фургонлар, самосвал, юк кўтариш кранлари, автобуслар ва тоғ-кон саноати учун “Исузу” пикап автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозиргача заводда 8 метрли автобуслар ишлаб чиқарилаётган бўлса, кейинги йилдан электрон таблолар билан жиҳозланган 9 метрли замонавий, газли ва электробуслар ишлаб чиқариш бошланади. Маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғиз республикаларига сотилмоқда.

Кейинги уч йилда 8 мингдан ортиқ автомобил ишлаб чиқардик. Шунингдек, рақамли дастурий бошқарув асосида ишловчи мосламалар учун мураккаб сиртқи кўринишли эҳтиёт қисмларни тайёрлаш учун ишлатиладиган дастурлар мажмуини яратдик. Бу албатта, хориждан импорт қилинадиган шу каби маҳсулотларнинг ўрнини босиб, корхонанинг иқтисодий барқарорлигига ҳисса қўшади.

Шу меҳнатларимиз инобатга олиниб, Мустақиллигимизнинг 34 йиллик тантаналари арафасида Ўзбекистон автосаноати бўйича икки киши давлат мукофотига сазовор бўлгани айтилди. Бу медал бутун жамоамиз меҳнатининг эътирофи, деб биламан. Ютуқларимизни давом эттириб, янги ва замонавий маҳсулотлар тақдим қилиш, бундан-да яхши натижаларга эришишни ният қилдик.

 Фазлиддин РИЗАЕВ,

Самарқанд автомобил заводи бош технологи,

“Шуҳрат” медали соҳиби.