"Айбсиз ҳолимга 7 йилу 100 кундан бери қамоқдаман..." мактубига Олий суд изоҳ берди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаронинг "Айбсиз ҳолимга 7 йилу 100 кундан бери қамоқдаман...", деб ёзган мактуби юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
2013 йил 18 январдаги жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани судининг ҳукмига кўра, Жобир Обидов (1975 йилда Наманган шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам бир неча маротаба судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “б” бандлари, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 3-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми ва 229-моддаси (ўзбошимчалик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 410 баравари миқдорида, яъни 25 797 200 сўм жарима ҳамда 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Шунингдек, судланувчи Ж.Обидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 7-банди «б» кичик банди татбиқ этилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 15 мартдаги ажрими билан Ж.Обидовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, унга тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 7-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартириш қисми бекор қилинган.
Суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Маълум қилинадики, фуқаро Ж.Обидов томонидан Олий судга назорат тартибида шикоят берилган. Бироқ унга оид жиноят иши Бош прокуратурага ҳам келтирган назорат тартибидаги шикояти билан бирга ўрганилаётганлиги сабабли, унинг Олий судга ёзган шикояти қўшиб ўрганиш учун Бош прокуратурага юборилган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизмати.