"Аёл манфаат эвазига бировга бериб юборилмайди", "хотинлар ўртасида адолат қилинади...": Толибон аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди
Толибон олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди, дея маълум қилди бугун Толибон ҳаракати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Фармон матни ҳаракат назоратидаги интернет ресурсларида эълон қилинди.
Ҳужжатда таъкидланишича, ҳаракат раҳбарияти барча тегишли мутасаддилар, дин уламолари ва қабила оқсоқолларига аёлларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича жиддий чоралар кўришни топширади.
Унга кўра, вояга етган аёл розилиги билан турмуш қуради, ҳеч ким аёлларни турмушга чиқишга мажбурлай олмайди.
Аёлни ҳеч ким манфаат эвазига бирор кишига бера олмайди, дейилади фармонда.
Шунингдек, фармонга биноан аёл ўз (вафот этган) эри, фарзандлари, отаси ва бошқа қариндошлар мулкидаги меросда белгиланган улушга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжатда асосан кўпникоҳликка эътибор қаратилган. Бир нафардан зиёд хотин олган эркак барча аёлларига шариат асосида ҳуқуқ бериши, улар ўртасидаги муносабатда адолатга риоя этишга мажбур эканлиги қайд этилган.
Олий суд аёллар, айниқса, бевалар ҳуқуқлари ва уларга нисбатан тазйиқлар тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш ва уларни, таҳқирламаслик, камситмаслик ҳақида барча судларга кўрсатма бериши зарур.