Аёл қарзи эвазига 23 ёшли қизни Туркияда сотиб юборгани аниқланди

Навоий вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро Қ.М. Навоий шаҳрида яшаган 1998 йилда туғилган М.Ғ.ни дастлаб, Тошкент шаҳрида жойлашган савдо дўконларида ишлатишни мақсад қилади ва алдаб олиб кетади.

Бироқ берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан нафси ҳакалак отган аёл эндигина 23 баҳорни қаршилаган қизни 2020 йилнинг октябрида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркияга олиб чиқиб кетади.

Аён бўлишича, аёл деган номга номуносиб Қ.М. ғаразли ва паст мақсадларни кўзлаб, ушбу давлатда мавжуд қарзи эвазига уни Туркияда яшовчи фуқароларга сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “з” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.