Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов: Аксариятимиз халқ билан очиқ мулоқотларга тайёр эмасмиз
– Маҳалламизда электр энергияси ўчиб қолди, “Очиқ мулоқот”ни кўролмаяпмиз…
Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида ўтказилган Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг навбатдаги “Очиқ мулоқот” кўрсатуви чоғида Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи Камола Маматова шу савол билан мутасаддиларга мурожаат қилди.
2018 йил 2 декабрь кунги мулоқотда ҳам айнан электр таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар тушган эди. Масалани ўрганиш борасида масъуллар ваъда берганди. Кўрсатувдан сўнг вилоят телерадиокомпанияси ижодий ходимлари аҳоли томонидан келиб тушган саволлар юзасидан жойлардаги вазиятни ўрганганда ваъда бажарилмаган, ҳатто тилга олинган муаммо юзасидан жойига тегишли идоралар вакиллари бормагани кузатилган. Айни ҳолат юзасидан тайёрланган лавҳа мулоқот давомида намойиш этилди.
Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Икром Муродов узилишларни қуйидагича изоҳлади:
– Қишнинг совуқ кунларида фуқаролар томонидан электр иситиш печларидан фойдаланиши оқибатида трансформаторларга ортиқча кучланиш тушиб, электр энергиясида узилиш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун жорий йил туманда 10 та қўшимча трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган. 31 километрлик юқори кучланишга эга электр тармоқлари реконструкция қилинади ҳамда 27 километрлик паст кучланишга эга электр тармоқлари янгиланиши 2019 йилги дастурга киритилган.
Электр тармоғидаги узилишларга иситиш печларининг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши ҳам сабаб бўлаётгани бор гап. Бу эса туманда аҳоли хонадонларини иситиш учун кўмир етарлича етказилмаганидан далолат беради.
– Аҳоли мурожаатларида йўл муаммоси кўп тилга олиняпти, – деди туман ҳокими. – Ҳар йили навбати билан ҳолати энг оғир йўлларни қайта қуриб боряпмиз. Яна бир долзарб муаммо табиий газ таъминоти билан боғлиқ. Аҳолига ростини айтяпмиз: табиий газ етиб бормаётган жойларга 2018 йилнинг декабрь ва жорий йил январь ойида аҳолига қўшимча мингга яқин маиший газ баллонлари етказиб бердик.
Тумандаги Қирқ Аҳмад қишлоғидан Норбўта Холжигитов ичимлик суви муаммоси бўйича, Булунғур маҳалласидан Азиза Умарова ишга жойлашиш, Бахши маҳалласидан Назокат Қўлдошева уй-жой сотиб олиш масаласида мурожаат қилди. Умуман, кўрсатув давомида аҳолидан 45 мурожаат тушди.
“Очиқ мулоқот”нинг бу сонида ҳам масъуллар «бажарамиз, ўрганамиз» қабилидаги ваъдаларни беришди. Кўрсатувга келиб тушаётган саволлар, мавжуд муаммолар фақат аниқлик киритиш билан ҳал этиладими? Саволларга жавоб бериш жараёнида масъул раҳбарларнинг мулоқотга тайёргарликсиз келгани аён бўлиб қолди. Мурожаатларга асосан туман ҳокими жавоб беряпти, бошқа секторлар раҳбарлари эса жим.
– “Очиқ мулоқот”да туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари учинчи марта иштирок этмоқда, – дейди туман ҳокими. – Биринчи бор ўтказилган мулоқотимизда аҳолини қийнаб келаётган 19 та савол келиб тушганди. Иккинчи мулоқотдаги 50 га яқин саволга жавоб ва ечим топиш учун мутасадди идоралар раҳбарлари жойларга чиқди. Масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Лекин бу тажрибалар ҳали халқ билан очиқ мулоқотга туманимиздаги аксарият ташкилот раҳбарлари тайёр эмаслигини кўрсатди.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.