Банкоматларда нега нақд пул йўқ?

Шу кунларда аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган банкоматларда нақд пул олиш учун навбатлар кўпайган. Аксарият банкоматларда эса нақд пулнинг ўзи йўқ.

- Кеча бозорлик қилиш учун нақд пул олмоқчи эдим, аммо бирортасида пул йўқ экан, - дейди бизга қўнғироқ қилган Аҳрор исмли киши. – Катта умид билан “Асакабанк” вилоят бошқармасига келгандим, бу ерда ҳам банкоматлар бўм-бўш.

Бу гапнинг қанчалик тўғрилигини билиш учун акциядорлик тижорат “Асакабанк” Самарқанд вилоят филиали мутахассислари билан боғландик. Мутахассис “Кассанинг ўзида пул йўқ, бўлса қўямиз” деди-ю гўшакни қўйди. Шундан кейин бизда ҳам савол пайдо бўлди: ҳақиқатан ҳам вилоятимизда нақд пул танқислиги юзага келяптими?

- Банкоматлардан нақд пул бериш бошланган пайтда бир мижозга бериладиган пул миқдори чекланганди ва бу билан бир ускуна 500 дан зиёд мижозга хизмат кўрсатарди, - дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фурқат Аҳмедов. – Бугунги кунда бундай чеклов йўқ, натижада доимий равишда ҳафтанинг иккинчи ярмида банкоматлардан нақд пул олиш кўпаяди. Яъни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар пластик карточкаларга кирим қилиниши туфайли ҳар ойнинг 5-12 ва 17-22 саналари оралиғида банкоматлар орқали катта миқдордаги нақд пул маблағлари ечиб олинади.

Бундан ташқари, йил бошида вилоятимиз бўйича 129 та банкомат хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 200 дан кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу боис, фуқароларимиз зарурат бўлганда хизмат кўрсатувчи банкнинг банкоматида нақд пул бўлмаса яқин жойдаги тижорат банкидан белгиланган хизмат ҳақи эвазига пластик карточкасидаги маблағни нақдлаштириш имконига эга.

Айни пайтда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун банкоматлардан ташқари 21 334 та тўлов терминали ва 337 та инфокиосклар хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида пластик карточкаларга 353,4 миллиард сўм кирим қилингани ҳолда, 397,8 миллиард сўм чиқим қилинган. Пластик карталарга кирим қилинган маблағнинг 299,9 миллиард (85 фоиз) сўми тўлов терминаллари орқали сарфланиб, 97,9 миллиард (28 фоиз) сўм маблағ банкоматлар орқали нақдлаштирилган.

Июль ойида пластик карточкаларга 547,1 миллиард сўм маблағ кирим қилинган ва 609,3 миллиард сўм сарфланган. Шундан 386,3 миллиард сўм маблағга билан тўлов терминаллари орқали савдо қилинган. Банкоматлардан 223 миллиард (41 фоиз) сўм нақд пул ечиб олинган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.