Байденда топилган махфий ҳужжатлар билан боғлиқ вазиятни махсус прокурор текширади
АҚШ бош прокурори Роберт Хёрнинг Жо Байден вице-президентлиги давридаги махфий ҳужжатларни сақлаш қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ вазиятни текшириш бўйича махсус маслаҳатчи этиб тайинланганини маълум қилган.
Кеча Оқ уй адвокатлари Байденнинг Делавердаги уйида махфий ҳужжатлар топилганини эълон қилишди. Байденнинг ўзи Оқ уйда нутқ сўзлаган ҳолда, Делавердаги қароргоҳидаги "офиси ва шахсий кутубхонасида" бир нечта махфий ҳужжатлар топилганини тан олган.
Унинг сўзларига кўра, адвокатлар бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигини хабардор қилган ва бу ҳужжатларни департаментга топширишга рози бўлган.
Бир кун олдин Оқ уй Байден ўз кабинетида махфий ҳужжатлар топилгани билан боғлиқ вазиятга жиддий муносабатда бўлгани, унинг ходимлари бу масала бўйича Адлия вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
Шу ҳафта бошида АҚШ ОАВлари Вашингтонда Байден вице-президент лавозимида ишлаган даврига оид ўнга яқин махфий ҳужжат топгани ҳақида хабар берди. Материаллар Байденнинг шахсий адвокатлари томонидан 2 ноябрь куни, оралиқ сайловлардан олти кун олдин топилган. Президентнинг махсус маслаҳатчиси Ричард Саубернинг айтишича, адвокатлар ҳужжатларни Байденнинг идораси бўшатилганда топган. Маълум қилинишича, ҳужжатлар бошқа сир бўлмаган қоғозлар билан жилдда сақланган. CNN таъкидлашича, адвокатлардан бири “шахсий” деб ёзилган папкани кўриб, уни очган ва ичидаги махфий ҳужжатларни пайқаган. Шундан сўнг, адвокат Миллий архивлар ва иш юритиш бошқармасига қўнғироқ қилган.
Ўз навбатида, CNN маълумотли манбаларга таяниб, вице-президент Жо Байден давридаги махфий ҳужжатларда Украина, Эрон ва Буюк Британияга оид материаллар борлигини маълум қилган. Телеканал суҳбатдошининг айтишича, ҳужжатлар 2013-2016 йиллар даврига тегишли.
Улар орасида президентлик ёзувлари тўғрисидаги қонунга тааллуқли бўлган махфийлаштирилган материаллар ҳам бор. Ушбу қонунга кўра, барча материалларни президентлар Миллий архив ва ҳужжатлар бошқармасига топшириши керак. Уларга тегишли президент маъмуриятининг ваколат муддати тугаганидан кейин 12 йил ўтгач рухсат берилади.