Байрам йил номига мос бўлди
Байрамнинг йил номланишига мутаносиб тарзда ўтказилиши ҳар доим кузатилмайди. Бу йил шундай бўлди. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳали баҳор кириб келмасиданоқ бошланди: мактабгача таълим иштирокчиларидан тортиб, ўқувчи, талабалар ўртасида ўз ёшига мос тарзда викториналар ўтказилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган талабалар, фаолият юритаётган олималар учун илмий анжуманлар ўтказилиб, уларнинг илмий ишлари намойиш этилди.
Шунингдек, минглаб хотин-қизларнинг Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига саёҳати, байрам дастурхонлари ташкил этилди.
Вилоятнинг асосий байрам тантаналарида жамиятнинг турли соҳаларида намунали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, фаоллар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов йиғилганларни, уларнинг тимсолида барча вилоят хотин-қизларини байрам билан қутлар экан, аёлнинг оиладаги ўрни хусусида тўхталди.
- Биргина аёлга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имконият унинг бутун оиласи, фарзандлари келажаги учун мустаҳкам замин бўла олади, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. - Аёл ўз билими, дунёқараши билан бир оилани обод қилиши, шу орқали ҳам жамиятга катта нафи тегиши мумкин. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда хотин-қизларнинг таълим олишига алоҳида имтиёзлар берилмоқда. 2022 йилда олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги 3103 нафар хотин-қизга олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар берилди.
Олий ўқув юртларида бугунги кунда 498 нафар иқтидорли талаба қизлар таҳсил олади. Шулардан 4 нафари Президент стипендианти, 21 нафари номдор давлат стипендиантлари, 4 нафари вилоят ҳокими стипендиантларидир. 41 нафар иқтидорли магистрант хотин-қизлар, 111 нафар докторант хотин-қизларимиз ўқиш ва илмий иш қилиш билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларга кредит, субсидиялар ажратиш, соғлигини тиклашдан тортиб, касб-ҳунарга ўқитиш каби қатор масалаларда ҳам тизимли ёрдам бериш механизми йўлга қўйилди. Бу ишларнинг механизми шакллантирилгани туфайли у доимий равишда давом этиши кўзда тутилган.
Анжуман давомида бир гуруҳ онахонларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Ўттиз йилдан бери даладаман, фермерлик билан шуғулланаман, - дейди Оқдарё туманидаги “Фозилов Собир боғи” фермер хўжалиги раҳбари Лола Баҳромова. – Ўқитувчилик ҳам қилганман, бошқа ташкилотларда ҳам ишлаганман, аммо ер билан ишлаганчалик бирор соҳада завқ туймаганман. Далага борсам, куч оламан, экинларни кўрсам, яна ишлагим келади. Тўғриси, илгари фақат ер, ҳосил, иш деб, байрамларга ҳам кўп эътибор бермас эканман. Бу йил вилоят миқёсидаги байрамга қатнашиб, кўнглим кўтарилди, эътибордан қувват олдим.
Баҳор кайфияти, ёқимли куй-тароналар, бадиий чиқишлар, фаол аёлларнинг ўзаро суҳбатлари анжуманга кўтаринкилик бағишлади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.