Байрамдан кейинги муаммолардан қандай қутулиш мумкин?
Янги йил байрамида ҳамма дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдиришга ҳаракат қилди. Таомларни аралаштириб истеъмол қилиш ортидан эса болалар ва катталарда турли муаммолар пайдо бўлган ҳолатлар бор. Хўш, байрамдан кейинги кўнгилсиз ҳолатларни қандай олдини олсак бўлади?
Ичак коликаларида
Болаларда учрайдиган ичак коликаларида қоринда оғриқ, қорин қулдираши ва қорин дамлаши кузатилади. Ичак коликаларига кўпинча нотўғри овқатланиш, яъни мевалар, газланган ичимликлар ва углеводларга бой маҳсулотларни аралаш истеъмол қилиш сабаб бўлади. Метеоризмнинг яна бир сабаби стресслардир. Асабий зўриқишлар ичакларнинг маълум бир қисмининг спазмига олиб келади. Натижада ичакларнинг ҳаракати бузилади ва ортиқча газ тўпланади.
Бунда парҳез тутиш ва овқатланиш рационини тўғрилаш лозим. Сўнгра болани безовта қилаётган газларни ҳайдаб чиқариш учун фермент дорилар берилади. Қоринни массаж қилиш ҳам яхши ёрдам беради. Бунинг учун боланинг қорнини соат стрелкаси бўйича вазелин билан массаж қилиш керак. Агар юқоридаги усуллар ёрдам бермаса, ичаклардаги газни ҳайдаб чиқариш учун мўлжалланган болалар сиропини қўллаш лозим.
Ич кетганда
Байрам дастурхонидан сўнг кўпчилик болаларнинг ичи ўтиб қолиши мумкин. Уларни нафақат ич кетиши, балки қусиш ҳам безовта қилади. Болалар қориндаги оғриқ, кўнгил айнишига оид шикоятлар қилади. Айрим ҳолларда иситмаси кўтарилади. Хўш, нима қилиш лозим?
Аввало, мева ва ширинликларни тўхтатиш, сўнгра овқат ҳазмини яхшиловчи дори воситалари бериш керак. Уйда ҳеч қандай дори бўлмаса, унда касаллик бошлангандан сўнг бир соат ичида тозаловчи ҳуқна ва ошқозонни ювиш тавсия этилади. Бунинг учун каттароқ ёшдаги болаларга мажбурлаб сув ичирилади ва қусишга мажбур қилинади.
Болаларни безовта қиладиган асосий муаммоларга тўхталдик. Хўш, байрамдан кейинги кунларда катталарни қандай муаммолар қийнайди?
Қон босими ошганда
Байрам кунлари кучли бош оғриқ безовта қилса, яъни қон босими кўтарилган бўлса, дарҳол артериал қон босимини ўлчаш керак. Агар қон босими бироз кўтарилган бўлса, аччиқ дамланган кўк чой ёрдам бериши мумкин. Арслонқуйруқ дамламаси ҳаяжонланганда, стрессларда, артериал қон босими кўтарилганда яхши ёрдам беради. Бош миядаги қон томирларда қон айланишини яхшилаб, бош оғриқларни ҳам бартараф этади.
Бош оғриганда
Байрамдан кейинги кунларда ёши катта инсонларда кўпинча бош оғриқ кузатилади. Чунки 2-3 кун узлуксиз байрам кўрсатувларни кўриш, меҳмон кутиш, дастурхон тайёрлаш, ошхонадаги куйди-пишдилар асабларни чарчатади.
Бунда ялпизли чой ёрдам беради. Ялпизнинг бир қатор шифобахш хислатлари мавжуд. Бу шифобахш гиёҳ тинчлантирувчи, томирларни кенгайтирувчи, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши таъсирга эга. Айниқса, бош оғриқларда, мигренда яхши ёрдам беради. Асаб тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Бош мияда қон айланишини яхшилайди.
Уйқусизликда
Байрам кунлари болаларда ва катталарда бир хил уйқунинг бузилиши кузатилади. Уйқусизлик, умуман уйқу бузилишидан қандай воз кечиш керак? Мелисса шифобахш гиёҳидан тайёрланган дамлама уйқусизликда ажойиб воситадир. Айниқса, бу гиёҳ ёши катталар учун энг яхши тинчлантирувчи хусусиятга эга.
Кўнгил айниганда
Оч қоринга аччиқ ва шўр салатларни аралаштириб истеъмол қилиш натижасида кўнгил айниши, ўқчиш кузатилади. Бундай ҳолатда бироз муддат оч қолиш тавсия этилади. Сўнгра овқат ҳазмини яхшиловчи ферментлар буюрилади. Ошқозон оғриғи безовта қилса, новокаин эритмаси тавсия этилади. Уйда ношпа таблеткаси бўлса ундан ҳам яхши. Овқат ҳазмини яхшилаш мақсадида лимон шарбатини ҳам буюриш мумкин.
Дарвоқе, дорихоналарда турли шифобахш гиёҳлардан тайёрланган жамламалар мавжуд. Сиз ҳар эҳтимолга қарши уларнинг бир нечта туридан харид қилсангиз бўлади. Байрам кунлари ва байрамдан кейинги кунларда сизга асқотиб қолиши мумкин.
Шаҳло РУСТАМОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети
юқумли касалликлар кафедраси ассистенти, PhD.
Ҳаётхон ТОЖИЕВА,
педиатрия факультети талабаси.