Байрамга аталган пул қаерга кетди?

Якшанба куни байрамга бозорлик қилиш учун “Челак деҳқон бозори”га отландим. Йўлда бозорга бораётган маҳалладош танишим ҳамроҳ бўлди.

- Мен яхши жойни биламан. Арзон нархда ҳамма нарса бор, бирпасда бозорлик қилиб қайтамиз, - деди у.

Айтилган манзилга етиб бордик. Ҳақиқатан бир жойнинг ўзида барча маҳсулотлар бор экан. Эндигина савдони бошлаётгандик, иккита машинада башанг кийинган бир нечта харидорлар кириб келиб, танишим билан қуюқ сўрашди.

- Буни қаранг ака, биз ҳам байрамга бозорлик қилгани чиқувдик. Лекин пул уйда қолиб кетибди. Бирорта таниш чиқиб қолса, “ёрдам бериб юборар, бўлмаса, нарх-навони билиб қайтамиз, деб келавердик. Ният холис экан сизни учратиб қолдик”.

- Хуллас танишим ҳалиги кишилар олган маҳсулотларнинг пулини тўлади. Нега бундай қилганини сўрасам, “Биласан, яқинда янги ишга тайинланганман. Булар ишхонамнинг туманимиздаги бўлимида ишлайди. Анави қизил машинадагиси ҳисобчи, буниси кадрлар бўлими, униси ҳам ўринбосарлардан. Уларга мулозамат қилмасам, ишда менга  “минус” бўлади”, - деди.

Ҳалигилар харидларни олиб, энди кетишаётганди бирининг телефони жиринглади. Қўнғироққа жавоб берган мулозим “Байрамга бозорлик қилаётгандик, фалончи ака ҳам шу ерда... Хўп хўжайин бажарамиз, хўп, хўп” дерди.

Телефонни ўчиргач, “Ака, хўжайин сизга салом айтди. Яхши ишлаяпти, байрам билан табриклаб қўйинглар” деди.

Уларга эътироф учун раҳмат айтган танишим менга юзланиб, “Ука бош ёрилса дўппи остида. Нима бўлса бўлди, пулдан “қарашиб турмасанг бўлмайди”, деб қолди. Ишхонамдан байрам олдидан мукофот пули берилганди. Ёнимда бошқа пул йўқ. Лекин маҳалладошимнинг илтимосига йўқ деёлмай пулни бердим. Хуллас, танишим шу пулга тумандаги раҳбарига ҳам байрам учун бозорлик қилиб берди. Ҳалигилар энг сара маҳсулотларни олиб, хурсанд бўлиб кетишди. Бизда эса бозорликка етадиган пул қолмади. Олдимизда Янги йил байрами учун бозорлик қилиш вазифаси турибди. Кун ярмидан оғган.

Асаблар қақшаган пайтда маҳалладошимнинг “Ука, бу пулга икки килограмм гўшт ҳам ололмаймиз. Юр, чой-пой ичиб олайлик”, деган гаплари ҳам зўрға эшитиларди.

Ярим тушлик, ярим кечликда танишим аламдан “яримта”ни ҳам бўшатди. Хуллас, қуруқ қўл билан ошхонадан чиқиб, ширакайф танишим билан қишлоқ томон отландик. Кечга яқин қишлоқдаги дўкондан қарзга кам бўлса-да, у-бу нарсалар олиб, уйга қайтдим.

Байрам куни болаларим “олган маҳсулотларингиз шуми?” деб қолса, нима дейишга ҳам ҳайронман.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.