Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беҳбудий дейдилар…

“ Боку ...ҳийла вусъат топиб, иморатлари беш-олти табақағача юксалибдур... Боку Русиянинг ободонлик жиҳатидан бешинчи шаҳри бўлиб, аммо мусулмон давлатлигининг кўплиги ила Русияда иккинчи шаҳардур. Чунончи, мунда юз милйўн сўмлик мулку сармояға доро (эга) бир неча мусулмонлар бўлуб, милйўн соҳиби мусулмонлар яна ортуқроқ...бўлуб шаҳарнинг аксари мулки мусулмонлар қўлидадур. Оллоҳ зиёда этсун! Бул шаҳарнинг еридан нафт (нефть. Барча изоҳлар бизники - Н.Р.), бошқа тил ила, олтун чиқур. Бу кун меҳнаткаш бир кишининг еридан нафт чиқса, эртаға милйўнчи оға бўлур...
“Мўътабар садо” ва “Иқбол” жаридалари идоралари ҳамда муриди муҳтарамлари Ҳошимбек Вазируф ила Содиқийни зиёрат этдим. Идораларининг аҳволи зоҳириясини ниҳоятда танг ва машаққатда кўрдум... Бечора мудир ва муҳаррирларнинг бири қоронғу ертўлада, дигари (бошқаси) тор ва иссиғ бир дўконда мураттаблари (ходимлари) ила умр ўтказурлар эканким, манга кўб таъсир этди”.

***

“... мунинг олти юз чақирими (Кавказ - Н.Р.) комилан мусулмон ерлари ҳам ниҳоятда манбит (кўкаламзор) ва аъло ерлардурким, арпадан шолиғача экилган ва аксарияти баҳорикори. Дарахтлари у қадар кўпки, Самарқанднинг Қарадарахту Миёнколи анга нисбатан ҳечдур. Халқи бизнинг пирсиён, лазги, доғистоний деган халқлар бўлуб, яна дохилан чечен, қумуқ ва бошқа исмлар ила аталур. Биз туркистонийлар топганимизни тўй, ўлук ва кўпкариға сарф қилгандек, бу мусулмон қариндошларимизнинг аксари ўз молини қиз олиб қочиб, жанжолига сарф этмоқ, бир-биравларини ўлдуруб, яна қасоси номашруъ тариқида тарафайндан бир нечалаб ўлдуруб, сўнгра бор пулларини суду синод йўлиға ва умрларини Сибириё чўллариға сарф қилиб, нобуд бўлар эканлар”.

* * *

“Бу маъдан сувларға (Красновский - Н.Р.) ҳар навъ касаллар келур. Қартайган, бир мушт ила охиратга кўчадурғон муйсафид бойлар, боши қалтирайдурғон чоллар, ҳолсиз генераллар, бинниси (бурни)дан тутсанг, жони чиқадурғон сил ва қонсизлар, кўп ўқугон, мияси ачиган талабалар ва муаллимлар...”

* * *

“Бу шаҳарда (Ростов - Н.Р.) беш мингдан зиёд мусулмон бўлуб, мунинг 300 қадари туркиялик мусулмонлар, аммо ўзларининг мактаблари йўқ. Мунда Туркия давлатининг кўнсулхонаси ва имоми бордур. Тасодифан имом афанди ила мулоқот этдук. Ерли мусулмонлардан фақат 20 қадар оиланинг мулки бўлуб, башқаси тамоман ижоранишин эмишлар. Мусулмонлар экки маҳалла бўлуб, бири ижора олинган ўша уйда намоз қилур. Дигарининг янги солинган масжиди бор. Аммо биз мусулмонларни на дин ва на дунёга аҳамият бермаганимиз учун шувоқсиз ва усти томадурғон ҳолида қолиб, бир тарафида намоз қилурлар...”

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Қасди сафар” асаридан

Нусрат РАҲМАТ тайёрлади.