Беларусь ОАВ: Беларусь мухолифатчиси Колесникова Украина чегарасини кесиб ўтаётган вақтида ҳибсга олинган

Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси Мария Колесниковани ўғирлаб кетилган, деган хабарлар тарқалганди. Унинг Украина чегарасида қўлга олинганлигини РИА Новости Белтелерадиокомпанияси таркибига кирувчи телеянгиликлар агентлиги берган хабарга таяниб маълум қилмоқда.

Маълум қилинишича, Колесникова билан тахминан бирга бўлган мухолифатчилар – Иван Кравцов ва Антон Родненков Украина ҳудудига ўтиб кетишга муваффақ бўлишган. Уларни қидириш ишлари Украина билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

7 сентябрь куни уч нафар мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари алоқага чиқмай қўйишгани ҳақида хабар қилинди. Улардан бири Мария Колесникова Минск маразида ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг Беларусь ИИВ ва давлат назорати қўмитаси унинг ҳибсга олинганлиги тўғрисида маълумотга эга эмасликларини баён қилди. Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) матбуот хизмати вазият юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.