Беларуснинг Гродно шаҳрида мухолифат “қора рўйхат”ида бўлган милиция ходимининг автомобили портлатиб юборилди

Беларуснинг Гродно шаҳрида номаълум шахслар томонидан милиция ходими автомобили портлатиб юборилди. Автомобиль эгасининг сўзларига кўра, унинг шахсий маълумотлари бир муддат илгари “радикал Telegram каналларидан бирида” ошкор этилган. Бу ҳақда 20 ноябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

Воқеа 20 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимлари ҳамкасбига тегишли бўлган “Шкода” автомобили ва унинг ёнидаги яна учта автомобилнинг жиддий шикастланганига гувоҳ бўлишган.

“Бевосита автомобиль ёнида аланга излари бор эди. Автотранспорт воситасининг олд қисмига шикаст етиши шаклидаги портлаш белгилари аниқланди”, дейилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг Telegram каналида.

Мол-мулкка қасддан умумий хавфли тарзда зарар етказиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Жиноят қидирув бўлими ходимлари воқеа жойини кўздан кечиришди, гувоҳлардан кўрсатмалар олинди, бундан ташқари, кузатув камераларидаги ёзувлар ўрганилмоқда.

Беларусда уч ойдан ортиқ вақт давомида норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишлар мамлакатнинг президентлик сайловларидан сўнг бошланди. Беларусь марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенко ғалаба қозонган. Бироқ сайлов натижаларидан норози бўлган аҳоли сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилмоқда.