“Бериладигани бериб бўлинди, энди меҳнат қилишга ўргатамиз”

Булунғур туманидаги Гулзор маҳалласида истиқомат қилувчи бешта кам таъминланган оила туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимовга бириктирилган. Ўтган вақтда масъул уларнинг ҳар бири билан учрашиб, оиласидаги муҳит, уй ва ҳовли-жойининг аҳволини ўрганган. Бироқ биз бориб, фуқаролар билан мулоқот қилганимизда, ҳоким ўринбосари уларга на пул ва на бошқа моддий ёрдамлар берганлиги маълум бўлди. Хўш, бунинг сабаби нима? Нега камбағалларга “ёрдам” берилмаяпти?

Тумандаги 55 маҳаллада 201 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 505 оиладаги 2107 нафар фуқаро камбағал деб топилган ҳамда Президентнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида 101 нафар масъулга 5 та оиладан бириктирган. Уларнинг 6 нафари туманнинг муваффақиятли тадбиркори, 4 нафари катта ҳаётий тажрибага эга нуроний, қолгани эса давлат идоралари раҳбарлари ҳисобланади.

— Бириктирилган масъулларнинг вазифаси оилаларнинг камбағаллик ҳолатига тушиш сабабларини ўрганиб, муаммоларни бартараф қилиш, - дейди Шерзод Ибрагимов. – Шунингдек, биз мутахассисларни жалб қилган ҳолда оилаларнинг ўз томорқаси имкониятларидан самарали фойдаланиши, тадбиркорликни йўлга қўйиши ҳамда оила аъзоларининг, айниқса хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилни ўрганиши, ишга жойлашишига кўмаклашишимиз керак. Кўпчилик буни тушунмаяпти ва бизга бириктирилган раҳбарлар моддий таъминотимизга ҳам масъул деб ўйлаяпти. Шу вақтгача кам таъминланганларга барча турдаги моддий ёрдамларни бериб бўлдик, натижа ўзини оқламади. Энди боқимандаликни йўқотишимиз, фуқароларни ишлаб, мустақил пул топишга ўргатишимиз керак. Айни мақсадда ишсизларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 8 та йирик тадбиркорлик субъекти билан келишувга эришдик, ҳунар ўрганаман, деганлар 3-6 ойлик касбга ўргатиш курсларига йўналтириляпти.

Тумандаги ҳар бир маҳаллада оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилган. Унда оилага ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик, таълим, ҳатто хулқ-атвор йўналишлари ҳам қамраб олинган. Мазкур режаларнинг ижроси оилаларга бириктирилган масъуллар томонидан таҳлил қилиб борилиши белгиланган.

— Ўрганиш мақсадида кўп оилаларга кирдик, - дейди Шерзод Ибрагимов. – Камбағал дейилаётганларнинг аксариятида 20-25 сотихдан бўш ётган ҳовли бор. У ерга фақат кам даромадли беда ёки жўхори экиб олинган. Тўқсонбости экин экканлар, иссиқхона ташкил қилганлар жуда кам. Ҳолбуки, ердан унумли фойдаланилганда, ҳеч ким камбағал бўлмайди. Лекин бу энди ерга экинни биз экиб берамиз, ҳосилини улар олади, дегани эмас. Биз фақат жараёнга мутахассисларни жалб қилиб, уларга нима экиш, қандай парваришлашни ўргатишимиз мумкин. Меҳнат қилган яхши яшайди. Ижтимоий шартнома шартларини бажармай, берсанг ейманг, деб ётадиганларга ёрдам берилмайди. Субсидия боқимандаларни кўпайтиради, кредит эса камбағални янада фақир, қарздор қилади. Ҳаракатда баракат. Буни тушунишимиз керак.

Гулзор маҳалласида истиқомат қилувчи Сарвиноз Сатторова тикувчилик билан шуғулланади. Оила боши шу кунгача мавсумий ишлар билан банд бўлган, яқинда ишлаш учун хорижга кетибди. Уйда 3 нафар фарзанди билан қолган она ҳунари ортидан рўзғор тебратмоқда.

— Уйимизга ҳоким ўринбосари бир неча маротаба келди, - дейди Сарвиноз Сатторова. – Охирги келганида китоблар совға қилди. Даромадимиз, яшаш тарзимизга қизиқди. Тадбиркорликни йўлга қўйиш, ердан унумли фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берди. Эрим қайтиб келса, бу имкониятлардан, албатта, фойдаланамиз.

Масъуллар фуқаро ва унинг эрига 3 миллион сўм атрофидаги маошли иш таклиф қиляпти. Фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш бўйича кўмак берилади. Уйидан чиқмай деҳқончилик ёки ҳунармандчилик қилиб, яхши даромад қилиш ҳам ўргатилади. Лекин текинга ҳеч нима берилмайди.

Шерзод Ибрагимовга кўра, камбағал оилалар билан яқиндан танишиш давомида асл шароитини яшириб, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кириб олган, амалда эса “таги”да машинаси ва икки қаватли иморати бор фуқаролар ҳам аниқланмоқда. Улар ҳеч бир хижолатсиз ҳақиқий эҳтиёжмандларнинг ҳақига кўз олайтиряпти. Энг ачинарлиси, шундайлар орасида давлат хизматчилари ҳам бор экан. Маълумотга кўра, сентябрь ойида тумандан 6088 та оила тегишли реестрга киритилган бўлиб, дастлабки ўрганишлар хулосасига мувофиқ, 1121 та оила ундан чиқарилган. Ўрганиш ишлари давом этяпти.

Асқар БАРОТОВ.