Беш вилоят Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан 1 млрд. 750 млн. сўмдан зиёд маблағ талон-тарож қилинган
– Коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилаётган маблағлар, аниқроғи Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-тарож қилинаётгани бизни ташвишлантирмоқда, деди Сенат Раиси Танзила Норбоева.
Хусусан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 млрд. 750 млн. сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилингани масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз саломатлигини асраш, инқироздан имкон қадар тезроқ ва талофотларсиз чиқиш учун не-не машаққатлар билан маблағлар жалб этилаётган бир шароитда ўз нафсининг қулига айланган, айрим калтабин мансабдорлар томонидан коррупцияга қўл урилаётганини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Юқорида айтиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этишга биз ҳам бирдек масъулмиз. Назоратни қаттиқ олиб боришимиз, ижро органларига қатъий талаблар қўйишимиз керак.