“Бинонинг йўлга чиқиб кетган қисми олинади”: Қорасувдаги йўл томонга чиқиб кетган қурилиш бўйича расмий муносабат билдирилди
Бир неча кун олдин вилоят ҳокимлиги ҳамда таҳририятнинг @zarafshon_bot` манзилига мазкур масала юзасидан мурожаат келиб тушганди.
“Самарқанд шаҳри Қорасув массивига Ўзбеккенти ҳудудидан киришда тадбиркор томонидан қурилган бино йўлни кичрайтириб қўймоқда. Бу қурилиш билан боғлиқ қонунчилигимизга нечоғли тўғри келади? Бунга мутахассислар нима дейишаркан?”, дейилади мурожаатда.
Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, қурилиш тегишли рухсатнома расмийлаштирган ҳолда бошланган. Бинонинг асосий қисми рухсат этилган ҳудудда. Аммо айрим қўшимча қисмлари йўлнинг белгиланган “қизил чизиғи”га чиқиб кетгани аниқланган ва буни бартараф этиш юзасидан инспекция томонидан огоҳлантириш хати берилган.
“Бино қурилиши 2021 йил 18 августда Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида Ҳудудий назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган. Самарқанд шаҳар ер комиссиясининг далолатномасига асосан фуқарога бузилишга тушган савдо дўкони биноси эвазига товон тариқасида Самарқанд шаҳар Қорасув массиви ҳудудидан 150 кв.метр ер майдони ажратилган. Архитектура лойиҳа ҳужжатлари асосида икки қаватли савдо дўкони биноси қурилиши учун Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори чиққан. Шунга асосан қурилиш бош бошқармаси архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг архитектура-режалаштириш топшириғи асосида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб ижобий экспертиза хулосаси олинган.
Инспекция инспектори томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлигига риоя этилиши устидан назорат функцияларини олиб бориш даврида қурилиш объектида белгиланган қизил чизиқдан бинога кириш қисмидаги зиналари чиқиб кетганлиги сабабли инспекция инспектори томонидан қурилишни тўхтатиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилган.
Ушбу объектнинг зина қисми ҳозирги ҳолатдаги кўчага яқин бўлганлиги сабабли зинани бинонинг бошқа томонига кўчирилиши тўғрисида кўрсатма берилган. Бинонинг асосий ўқлари бош режага асосан қўйилган. Бош режа бўйича йўлнинг жойлашиши ва кенгайтирилиши ҳозирги ҳолатга нисбатан ўзгариши бош режада кўрсатиб ўтилган”, дейилади инспекция муносабатида.