Биологик фаол моддалар: табиатнинг сирли кучи нимада?

Биологик фаол моддалар - бу тирик организмлар (ўсимликлар, ҳайвонлар, микроорганизмлар) томонидан ишлаб чиқариладиган, инсон ёки ҳайвон организмига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатадиган кимёвий бирикмалардир.

Уларга каротиноидлар, феноллар, алкалоидлар, витаминлар, минераллар ва эфир мойлари киради. Биологик фаол моддаларнинг асосий афзалликлари уларнинг табиий келиб чиқиши ва кимёвий хилма-хиллигидир:

1.   Биологик фаол моддаларнинг табиий бўлиши - табиий бирикмалар синтетик моддаларга нисбатан анча мураккаб ва хилма-хил тузилишга эга. Бу уларга организмдаги турли оксиллар билан самарали боғланиш имконини беради.

2.   Биологик фаоллик: Дори-дармон ишлаб чиқарувчи олимлар беҳуда ўтирмайди. Улар табиатдаги мавжуд “калит”ларни (биологик фаол моддаларни) олиб, уларни лабораторияда озгина ўзгартириб, анча кучли ва хавфсиз дориларга айлантиради. Шунинг учун табиат (ўсимликлар, замбуруғлар, бактериялар) янги дорилар учун бебаҳо хазина бўлиб хизмат қилади.

3.   Биологик фаол моддаларда хавфсизликнинг юқорилиги: Табиий манбадан олинган кичик молекулали бирикмалар (масалан, флавоноидлар ва куркумин) организмга нисбатан юқори хавфсизлик потенциалига эга. Улар кўпинча кимёвий синтезланган дориларга нисбатан камроқ ножўя таъсирга эга.

4.   Кенг қўлланилиш соҳаси: Улар нафақат фармацевтика ва тиббиётда, балки озиқ-овқат технологияси, косметология, қишлоқ хўжалиги ва нанотехнологияларда ҳам кенг қўлланилади.

Биологик фаол моддалар қайси касалликларда қўлланилади?

- саратон ва юрак-қон томир касалликлари: Биологик фаол моддалар хавфли ўсмалар ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда ижобий таъсир кўрсатади;

- яллиғланишга қарши хусусият: Кўплаб биологик фаол моддалар яллиғланишга қарши хусусиятга эга;

- антиоксидант фаоллик: Улар организмда эркин радикалларни зарарсизлантириш хусусиятига эга;

- иммуномодуляторлик хусусияти: Биологик фаол моддалар иммун тизимнинг фаолиятини тартибга солишга қодир;

- микробларга қарши хусусият: Биологик фаол моддалар антимикроб хусусиятларга эга бўлиб, турли инфекцияларга қарши курашишда ёрдам беради.

Биологик фаол моддалар қандай камчиликларга эга?

Биологик фаол моддаларнинг кўплаб афзалликларига қарамасдан, уларни амалиётда қўллаш бир қатор жиддий муаммолар билан боғлиқ:

1.   Кимёвий беқарорлик: Биологик фаол моддалар қуёш нури, кислород таъсирида, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида юқори ҳарорат ёки босим таъсирида осонгина парчаланади ва ўз хусусиятларини йўқотади.

2.   Организм томонидан қабул қилиниши: Инсон овқат ҳазм қилиш тизимидаги ферментлар ва мўътадил муҳит (рН нинг ўзгариши) биологик фаол моддаларнинг ҳазм бўлиши ва организм томонидан сўрилишини кескин камайтиради. Бу уларнинг терапевтик самарадорлигини пасайтиради.

3.   Организм суюқликларида эримаслиги: Баъзи биологик фаол моддалар организм суюқликларида етарли даражада эримайди, бу эса уларни организмга етказиб беришни қийинлаштиради.

Биологик фаол моддаларнинг салбий таъсирлари борми?

Ҳар қандай табиийлик унинг хавфсизлигини англатмайди. Баъзи биологик фаол моддалар аллергик реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, агар нотўғри шароитда етиштирилса оғир металлар ёки токсинлар билан ифлосланган бўлиши мумкин. Бу моддалар организмга салбий таъсир қилади.

Биологик фаол моддалар табиатнинг бебаҳо неъмати бўлиб, улар инсон саломатлигини муҳофаза қилишда бир қатор ютуқларга эга. Замонавий илм-фан бу муаммоларни ҳал қилиш йўлида муҳим қадамларни ташламоқда. Нанотехнология, биотехнология, генетик муҳандислик ва сунъий интеллект асосидаги таҳлиллар биологик фаол моддаларнинг организмга сингишини ошириш, уларни мақсадли равишда ҳужайраларга етказиш ва синтез қилишини осонлаштириш йўлида хизмат қилмоқда. Келажакда табиий бирикмалар ва замонавий технологияларнинг уйғунлашуви, эҳтимол, фармацевтика соҳасида инқилоб қилиб, хавфсиз, самарали ва арзон дори воситаларини яратишга олиб келади. Шунинг учун табиатнинг бу бебаҳо неъматидан оқилона фойдаланиш ва унинг сирларини илмий асосда ўрганиш – инсоният саломатлигини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.

Эльнара Ибрагимова,

Самарқанд давлат тиббиёт университети фармакология кафедраси катта ўқитувчиси.