Бир кўчада ҳам йўл ўтказгич, ҳам кўприк

Азим ва навқирон Самарқанд шаҳри муҳим сиёсий тадбирга мезбонлик қилиш учун тайёр. Ўтган даврда ҳудудда амалга оширилган тизимли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида йўлларни таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, кўп қатновли кўчалардаги чорраҳаларни тартибга солиш бўйича замонавий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган туннель шаклидаги замонавий йўл ўтказгич шулар жумласидан. Бугун ушбу ҳудуд азим кентнинг равон ва кенг йўллари рамзига айланди, десак адашмаган бўламиз.

2019 йилнинг сентябрь ойида бошланган қурилиш ишлари натижасида бу ерда узунлиги қарийб 1 километрга тенг бўлган замонавий йўл ўтказгич қад ростлади. Иншоотнинг туннель қисми узунлиги 120 метр, баландлиги 5,8 метр ва кенглиги 27 метрни ташкил этади. Маълумотга кўра, мазкур йўл ўтказгич бир кунда 1500 тага яқин автомобилни ўтказиш имкониятига эга. Шунингдек, йўл ўтказгичнинг Бўстонсарой кўчасидаги ҳар икки томонида ер ости пиёдалар йўлаги қурилган.

Ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари шу билан тугагани йўқ, албатта. Самарқанд шаҳрига киришдаги асосий кўчалардан бири ҳисобланган Бўстонсарой ҳам номига мос кўринишга келтирилди. Илгари мазкур кўчанинг Сиёб канали устидан ўтувчи қисми пастликда жойлашган эди. Қисқа вақтда у тўлиқ реконструкция қилиниб, пастқам кўчанинг ўрнида галерея шаклидаги кўприк бунёд этилди.

— Кучли ёғингарчилик вақтларида кўчанинг бу қисмини сув босиб, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берар эди, - дейди “Кўприкқурилиш” унитар корхонаси мутахассиси А.Бекмирзаев. – Олти ой ичида кўприкни аввалги ҳолатидан 9,20 метрга кўтардик, остига эса сув ўтказувчанлиги олдингисидан беш баробар кўп бўлган 192 метрлик қувур ётқиздик. Янги кўприкнинг умумий узунлиги 370 метрга тенг. Унда икки йўналишда ҳам учтадан қатнов қатори, пиёдалар йўлакчалари мавжуд. Шунингдек, кўприкнинг ҳар икки томонига шовқинни ушлаб қолувчи махсус декоратив панеллар ўрнатилган.