Бир қатор чекка ҳудудларда мобиль алоқа ва интернет сифатини яхшилаш учун таянч станциялар ўрнатилди

“Ўзкомназорат” Инспекцияси вилоят ҳудудий шўъбаси маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёр қабулларда замонавий интернет тармоқларини тортиш ва мобиль алоқа антенналарини ўрнатиш борасидаги мурожаатлар кўпаймоқда.

Ташкилот мутахассиси Рафиқ Каримовнинг таҳририятга билдиришича, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига асосан “Ўзкомназорат” инспекциясининг вилоят ҳудудий шўъбаси томонидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш мақсадида тоғли ва аҳоли бориши қийин бўлган ҳудудларда мобиль алоқа хизматлари сифатини доимий мониторинг қилиб боришмоқда.

Ўрганишлар натижасига кўра, мобиль алоқа компаниялари мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб ўтган ой давомида тоғли ҳудудларида янги таянч база станциялари ўрнатиб, фойдаланишга топшириб келинмоқган.

Жумладан, “Ўзбектелеком” Акциядорлик компаниясининг “Ўзмобайл” филиали томонидан Ургут туманининг тоғли Узунсой маҳалласи Севазсой қишлоғида, Пайариқ туманининг Накурт маҳалласи Қўшилиш қишлоғида ва Булунғир туманининг Ғубдин маҳалласидаги Қоровултепа қишлоқларида янги таянч база станциялар ўрнатилган.

Бу каби мониторинг ишлари янги 2024 йилда ҳам доимий амалга оширилиб, аҳолига сифатли мобиль алоқа ва интернет хизматлари кўрсатилиши давом эттирилиши маълум қилинмоқда.