Бир ярим йилда ечилмаган масала бир ҳафтада ҳал этиладиган бўлди
Пайшанба шаҳарчаси Қиёт маҳалласида яшовчи Ҳусан Тошмаматов тадбиркорликни бошлаш истагида юрган ёшлардан. У паррандачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олиш учун 1 ярим йилдан бери овора. Ҳусан бугун вилоят ҳокимининг Каттақўрғон тумани аҳолиси учун ўтказган сайёр қабулида ўзини қийнаб келаётган муаммо бўйича мурожаат қилди.
У ўтган галги сайёр қабулда ҳам бу масалани кўтариб чиққан эди. Аммо масъулларнинг масъулиятсизлиги, “бажарамиз, ҳал этамиз”, деган ваъдалари қоғозда қолиб кетган. Вилоят ҳокими бу йигитнинг мурожаати бир ҳафта ичида ҳал этилмаса, бу гал бошқача чора кўрилишини айтди.
- Паррандачилик билан шуғулланишга қизиқишим кучлилигидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига бориб, 3 ойлик ўқув курсида қатнашиб сертификат олганман, - дейди у. – Бир ярим йилдан буён “Халқ банки”га мурожаат қилавериб овора бўлдим. Бугун вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Вилоят ҳоким шу масала бир ҳафта ичида ҳал этилмаса, масъуллар ишидан озод этилишини айтди.
Шу масала бўйича Халқ банки туман филиали масъуллари билан суҳбатлашмоқчи эдик. Улар интервью беришни истамади.
Наҳотки, туман мутасаддилари “Ёшлар дафтари”га киритилган, аммо ҳаракати бор ана шундай йигитларга имконият яратиб бериш ўрнига улар қилган мурожаатларини беэътибор қолдиришса.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.