“Биринчи қўнғироқ” ҳаяжонлари
Кеча вилоятимиз мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфиятда бошланди. Самарқанд туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби саҳни эрта тонгдан ўқувчилар, ота-оналар, мактаб педагогик жамоаси, маҳалла фаоллари билан тўлди.
Янги ўқув йилининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар таълим соҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, маърифат даргоҳлари жамоаси зиммасига қўйилаётган вазифалар, ўқитувчиларнинг бурчи хусусида гапириб, барчани янги ўқув йили мавсуми бошланиши билан табриклади.
Бу йил мактабга 77 нафар болакай илк бор қадам қўйди, - деди директор ўринбосари Насиба Хатамова. – Жорий йилда 54 нафар ўқувчи мазкур даргоҳни битирган бўлса, улардан 21 нафари талабалик шарафига сазавор бўлишди.
Бугун умумтаълим мактабларидаги илк таҳсил соати мамлакатимиз мустақиллиги мавзусига бағишланди. Илк дарс олдидан мактаб раҳбарияти маҳалла фаоллари ва ички ишлар ходимлари биринчи синф ўқувчиларига “Президент совға”ларини тантанали топширишди.
Д.Дўсмуродов,
мактабнинг ижодий-маданий
ишлар бўйича тарғиботчиси.