Бизда озиқ-овқат хавфсизлиги қай даражада таъминланган?

Жаҳонда иқтисодий ва озиқ-овқат инқирозлари тобора чуқурлашаётган бир пайтда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эхтиёжларини тўла қондириш, озиқ-овқат бозоридаги барқарорликни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ушбу муҳим масалани атрофлича ўрганиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда озиқ-овқат хавфсизлиги ўрнини тарғиб этиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани оммалаштириш мақсадида 2020 йил 16-17 октябр кунлари Самарқанд давлат университетида II халқаро илмий анжуман бўлиб ўтади.

Конференция ишида Хитой, Россия, АҚШ, Италия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон каби хорижий давлатлардан 50 дан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этади.

Шунингдек, республикамизнинг 30 дан ортиқ соҳага оид ташкилотларидан 300 га яқин мутахассис ва олимлар ўзларининг озиқ-овқат соҳасидаги долзарб масалаларига қаратилган маърузалари билан қатнашади.

Конференцияда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ шароитда аҳоли истеъмоли учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳамда етказиш масаласи миллий ва халқаро меъёрлари, овқатланиш ва овқат ҳазм қилишнинг долзарб муаммолари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, қайта ишлаш ва озуқаларни биологик қийматини сақлаш масалалари, экология ва озиқ-овқат хавфсизлиги, саломатлик стратегияси, илмий асосланган овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш каби бугунги куннинг муҳим масалалари муҳокама қилинади.

Ушбу нуфузли анжуман олдидан бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Яъни, кейинги йилларда мамлакатимиз бозорларида импорт мева-сабзавот маҳсулотлари кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат бизни албатта ҳушёрликка чақириши керак. Бунинг олдини олиш учун, аввало, йўқолиб бораётган қадимги навларни тиклаш, селекция ишларини оқилона ва самарали йўлга қўйиш, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмаларни кенг жорий этишимиз зарур.

Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиядаги нутқида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган муҳим ташаббусни илгари сурди. Бу бежиз эмас.

Сабаби, ҳозир бутун дунёда кечаётган пандемия туфайли ҳар биримиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этганига гувоҳ бўлдик. Айнан пандемия сабабли мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларда узилишлар рўй берди, натижада аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўймаган давлатлар фуқароларига очлик бевосита таҳдид сола бошлади. Бошқача айтганда, пандемия ҳар бир давлатга ўзининг мавжуд ички ресурсларини кўриб чиқиб, фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиши лозимлигини кўрсатди.

Ана шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун икки йўналишда чора-тадбирлар амалга оширилди. Биринчидан, қишлоқ аҳолиси томорқа майдонларини кенгайтириш ва янгиларини ажратиб бериш, иккинчидан, қишлоқ хўжалик экинлари таркибини қайта кўриб чиқиш.

Шу жиҳатдан аҳолига етарли даражада чорвачилик маҳсулотлари ва ўсимлик ёғи етказиб бериш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш учун зарур бўлган базани барпо этиш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари асосий турларининг етарли захирасини шакллантириш, уларнинг чакана баҳолари барқарорлигини таъминлашга эришиш, четдан келтирилаётган маҳсулотлар ҳажмларини қисқартириб бориш кабилар ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Бугун ўз ишини бошлайдиган конференцияда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида мавжуд муаммоларга ечим топиш, бу бўйича хорижлик мутахассислар билан фикр алмашиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиб, тегишли соҳалар ва ҳукуматга тақдим этиш бугуннинг долзарб вазифаси саналади.

Хислат Ҳайдаров,

СамДУ профессори.