Бизда Қоракўлдагидек мактаб бўладими?

Қоракўл Бухоро вилоятининг олис чўл тумани бўлиб, у ерда замонавий шарт-шароитга эга бўлмаса-да, машҳур мактаб бор. Унга 7-синфдан иқтидорли болалар саралаб олинади. Мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга киряпти. Буни яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда алоҳида эътироф этди.

Мактабни машҳур қилган қишлоқнинг фидойи ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаевдир. Байрам арафасида у “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Таълим маскани эришаётган ютуқлар инобатга олиниб, ўтган йили у Халқаро математика мактабига айлантирилди.

Халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам шартнома асосида таълим олишлари мумкин.

Шунингдек, ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш мақсадида халқаро мактабга хорижий мамлакатлардан ҳам ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат этилди.

Президент ўз нутқида нега бошқа вилоятларда бундай таълим маскани йўқлигини қайд этди. Олти ой муддат ичида Хоразм, Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам мана шундай ихтисослашган мактаблар ташкил этишга топшириқ берди.

Самарқандда математикага ихтисослаштирилган махсус мактаб ташкил этилади

- Самарқанд шаҳридаги 1- ва 10-сон Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари 229 нафар боладан 145 нафарга қисқарди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Абдуҳошим Зиёдов. - Ота-онаси бор болалар ўз оиласи бағрига қайтди. Шу муносабат билан иккала меҳрибонлик уйи 1-сон Меҳрибонлик уйига бирлаштирилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси вилоят ҳокимига шаҳардаги 10-сон Меҳрибонлик уйини математика фанига ихтисослашган мактаб-интернат қилиш таклифи билан чиққанди. Вилоят ҳокими ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Икки ой муддатда Меҳрибонлик уйи биноси математикага ихтисослаштирилган 300 ўринли мактабга мослаштирилади. Мактабга иқтидорли, тажрибали ва билимли ўқитувчилар ишга қабул қилинади.

Бу йил мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ошди

Вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотларига кўра, 2019-2020 ўқув йилида вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларини 53583 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 2187 нафари касб-ҳунар техникумларига, 46528 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди.

Бугунги кунда мактаблар кесимида битирувчиларнинг ОТМга ўқишга кирганлиги таҳлил қилинмоқда. 2020 йил 8 октябрь ҳолатида, битирувчиларнинг 5700 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Уларнинг 192 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

- Бу йил вилоятда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириш кўрсаткичи 3 фоизга ошди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов. – Бунинг учун, аввало, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирдик, ота-оналар билан янада кўпроқ ишладик. Уларга фарзандининг келажаги учун ўқишини давом эттириши кераклигини тушунтирдик. Шунингдек, халқ таълими бўлимлари ва мактабларда битирувчиларнинг онлайн ҳужжат топшириши учун шароит яратдик. Бу ҳам ўқувчиларга ёрдам бўлди. Натижада, бу йил Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пахтачи туманларида битирувчилардан бирортаси ўқишга кирмаган мактаблар қайд этилмади.

Бундан ташқари, сентябрь ойидан 7-синфдан бошлаб ўқувчиларга вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида дарслар ташкил этиляпти, яъни айрим фанлар чуқурлаштириб ўтиляпти. Ўтган йили вариатив ўқув режа асосида дарслар синов тариқасида жорий этилганди. Бундай ўқитиш тизими ўқувчиларнинг олий ўқув юртига ўқишга киришига кўмаклашади ҳамда ота-оналарнинг репетиторга эҳтиёжини камайтиради.

***

Таҳлил натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Шаҳардаги 37-умумий ўрта таълим мактабининг 169 нафар битирувчисидан 122 нафари, Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 31 нафари ҳам тест синовларидан муваффақиятли ўтди.

Шунингдек, Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабининг 115 нафар ўқувчисидан 61 нафари, Иштихон туманидаги 1-ИДУМнинг 43 нафар ўқувчисидан 22 нафари, Қўшработ туманидаги 75-умумий ўрта таълим мактабининг 6 нафар ўқувчисидан 3 нафари, Нарпай тумани 16-умумий ўрта таълим мактабининг 55 нафар ўқувчисидан 22 нафари, Паст Дарғом туманидаги 1-ИДУМнинг 23 нафар ўқувчисидан 11 нафари, Паст Дарғом тумани 28-ИДУМнинг 53 нафар ўқувчисидан 23 нафари, Каттақўрғон тумани 88-умумий ўрта таълим мактабининг 16 нафар битирувчисидан 7 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги 1236 мактабни 30983 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 2556 нафари, яъни 8,2 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган эди. Бу йил эса ўқишга ҳужжат топширган 46528 нафар битирувчидан 5736 нафари ўқишга кирди.

Самарқанд шаҳрида ҳам машҳур мактаб бор

Дилафрўз Жайналова, Самарқанд шаҳридаги 1-ИДУМ директори:

- Мактабимиз математика-физика фанига ихтисослашган бўлиб, ўқувчилар 5-синфдан саралаб олинади. Ўтган ўқув йилида мактабимизнинг 67,4 фоиз ўқувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 81,1 фоизни ташкил этди. Мактабимиз ҳар йили вилоятда таълим сифати кўрсаткичи бўйича юқори ўринда туради. Сабаби, биз фақат билимли, қобилиятли ўқувчиларни саралаб оламиз. Саралаш босқичи қандай бўлади? Биринчи босқичда талабгорлардан ҳужжатлар қабул қилинади. Иккинчи босқичда ўқувчилардан психологик тест олинади. Кейинги босқичда Давлат тест маркази томонидан ўқувчиларнинг ёшига мос тузилган тест саволлари асосида имтиҳон қилинади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

«Зарафшон» мухбири.