Бизда тиббий туризм аҳволи қандай?
Мамлакат иқтисодиётида туризм энг истиқболли соҳалардан. Айниқса, улкан туристик салоҳиятга эга бизнинг юртда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йил давомида 5 миллион нафар чет эллик сайёҳ Ўзбекистонга келиб кетган. Шундан 94 фоизи МДҲ давлатларидан бўлса, қолган 6 фоизи бошқа мамлакатлардан.
Қўшни Туркманистондан келган ҳар бир меҳмон ўртача 104 АҚШ долларлик хизматлардан фойдаланган бўлса, тожикистонликлар 60 АҚШ долларидан сарфлаган. МДҲ таркибидан ташқари мамлакатлардан келувчи сайёҳларнинг эса ҳар бири 710 долларлик туристик хизматлардан фойдаланган. Яна бир қизиқ маълумот: бир йил давомида АҚШдан келган меҳмонлар 8 баробарга, Германиядан ташриф буюрувчилар 2,6, италиялик меҳмонлар эса 3 баробарга ошди. Бу рақамларни яна бир неча баробарга ошириш мумкин. Бунинг учун бажарилиши керак бўлган вазифалар бор олдимизда. Улардан бири тиббий туризмни ривожлантиришга эътибор қаратиш.
Тиббий туризм кишиларнинг асосий яшаш жойларидан ташқарида дам олиш билан бирга юқори малакали тиббий ёрдам олишидир. Бунда тиббий ёрдам бўлиши шарт эмас. Кишилар тоғ ён бағирларида, ўрмонзорларда, сув ҳавзалари атрофида, табиат қўйнида дам олиб соғлиғини тиклаши, шу вақтнинг ўзида профессионал медицина хизматидан фойдаланиши мумкин.
Исроилдаги Герцлия Медикал маркази, Кинерет кўли атрофидаги медицина маркази (17 хилдан зиёд минерал тузлар мавжуд) Голан тоғ ёнбағрларидаги "Хамат Тверия" дунёга машҳур бўлиб жаҳоннинг барча давлатларидан сайёҳлар боради.
"Patient's Beyond Borders" халқаро тиббий туризм ташкилотининг маълумотларига кўра, бу соҳа даромади халқаро туризмга ҳар йили ўртача 40 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад келтирмоқда.
Биргина АҚШда суғурта харажатларини қоплай олмайдиган хасталикка учраган беморларнинг сони 110 миллиондан ортиқ. Даволаниш харажатлари Ҳиндистонда ёки Таиландда 4 баробар, айрим касалликларни даволашда эса 10 баробаргача арзон бўлганлиги учун америкаликлар чет элда даволанишни афзал кўради.
Канада ва Буюк Британия фуқаролари эса даволанишда давлат суғуртасига эга. Бу ерда мутахассисга учрашиш жуда кўп вақт талаб этганлиги учун (айрим ҳолларда 2 йилгача чўзилиши мумкин) чет элда даволанишни маъқул кўришади.
Медицина хизматини кўрсатиш бўйича ҳозирги кунда Ҳиндистон, Венгрия, Мексика, Сингапур, Таиланд, Бразилия, Жанубий Корея, Туркия давлатлари машҳур.
Бразилияда 4500 дан зиёд косметология жарроҳлари 180 мингдан зиёд сайёҳларни даволаган бўлса, тиббий сайёҳлар сони Туркияда 110 минг, Ҳиндистонда 400 минг, Сингапурда 600 минг, Мексикада бир миллион, Таиландда 1,2 миллион кишига етган.
Ўзбекистон Республикасидаги соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан берилган таклифномага асосан чет эл фуқаролари учун 3 ой муддатга янги виза "Medical Visa" жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасида ҳам дам олиш ва соғлиқни тиклаш масканлари мавжуд. Чорвоқ, Белдирсой оромгоҳлари, "Мерсиан", "Ботаника", "Турон", "Зомин" каби 100 дан зиёд санаторийлар бутун дунёга машҳур. Ҳозирги кунда юртимизда 150 дан зиёд хусусий клиникалар, даволаниш марказлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Тиббий туризмни янада ривожлантириш учун бу каби клиникаларни кўпайтириш билан бирга яна бир қатор ишларни амалга ошириш лозим. Жумладан:
– нуфузли тиббий марказлар қошида пуллик ва бепул тиббий ёрдам тизимини жорий этиш;
– медицина суғуртасини йўлга қўйиш;
– аҳолига медицина хизматини ташкил этишда нафақат давлат ёки хусусий мулк формаларидан фойдаланиш, балки қўшма мулкчиликка асосланган (масалан, давлат ва хусусий, чет эл) касалхона, кооператив, ҳиссадорлик жамиятлари каби бошқа мулк формаларига асосланган касалхона, профилактория, санаториялар, соғломлаштириш марказларини ташкил этиш;
– тиббий туризм соҳасида банд бўлган чет эл шифокор мутахассисларини жалб этиш;
– маҳаллий медицина ходимларини чет элда ўқитиш, малакасини оширишни рағбатлантириш. Бу йўналишда кетган сарф харажатлар учун солиқ юкини камайтириш;
– нодавлат тиббий туризм объектлар барпо этиш лозим.
Гап тиббий туризм ҳақида кетар экан, бир неча омиллар бизга устунлик беришини ҳам ҳисобга олишимиз лозим. Вилоятда Омонқўтон тоғидек шифобахш масканлар, Нурободдаги радонли сувлар каби булоқлар ер юзида кам. Бу неъматлардан ҳам оқилона ва самарали фойдаланиш вақти етди.
Ахтам НИЗАМОВ, СамДУ иқтисодий назария кафедраси доценти.
Юлдуз РАҲИМОВА, СамДУ магистранти.