Боғча болалари веломарафонда баҳслашди

Самарқанд шаҳрида 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мактабгача ёшдаги болалар ўртасида иккинчи веломарафон ўтказилди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, спортни ривожлантириш вазирлиги, велоспорт федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Самарқанддаги мактабгача таълим ташкилотларининг 120 нафар 6 ёшли тарбияланувчилари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Т.Норбоева, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Ханс-Ульрих Им ўтган йил илк бор Тошкент шаҳрида, бу йил Самарқандда ўтказилаётган мазкур тадбир фарзандларимизни ёшлигидан спорт билан шуғулланишга даъват этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шунинг учун ҳам келгуси йилдан бу марафонни юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказиш кўзда тутилгани қайд этилди.

Мактабгача таълим вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, 2021 йилда мактабгача таълим тизимида экологик таълим-тарбия ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикасини жорий этиш бўйича лойиҳа ишга туширилди. Бунинг учун 13 та таянч давлат мактабгача таълим ташкилоти 400 та беговел билан таъминланди. Жорий йилда эса лойиҳа доирасида 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 500 та беговел тақдим этилди. Жумладан, Самарқанддаги бир қатор мактабгача таълим ташкилотлари ҳам мазкур лойиҳага қўшилди. Беговелларнинг асосий устун жиҳати шундаки, унда кичик ёшдаги болалар мувозанатни ушлашни қийинчиликсиз ўрганишади ва бу уларга келажакда оддий велосипедга ўтиш жараёнини осонлаштиради.

– Яқинда бизнинг муассасамизга ҳам 25 дона беговел беришганда, дастлаб болаларимиз, ҳатто ўзимиз ҳам ажабландик, – дейди Самарқанд шаҳридаги 36-давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дилфуза Қутлиева. –  Педалсиз велосипедни табрияланувчилар қандай бошқаради, деб ҳайрон бўлгандик. Кейин ушбу воситанинг қандай афзалликлари борлиги билан қизиқиб билиб олдикки, беговел болани мувозанатини ушлашга, соғлом ва жисмоний бақувват бўлишига, кейинчалик велосипедни қийналмай бошқариб кетишига ёрдам бераркан. Ҳозир тарбияланувчиларимиз ундан фойдаланишни яхши ўрганиб олишди. Улар бугунги марафонда ҳам фаол қатнашди.

 Веломарафонда иштирок этган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирландилар, шунингдек, улар учун кўнгилочар дастур ташкил этилди.

Тадбир доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят велоспорт фередациясига 2 та “Дамас” автомашинаси ва 40 та замонавий велосипед берилди.