Болалар барча шаклдаги зўравонликлардан ҳимоя қилинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи субъектлар қаторига Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ҳам киритилди. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилиниб, болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан берилиши ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилиши белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Ота-оналарнинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.