Болалар таомномаси: Боғчада тарбияланаётганлар соғлом овқатлантириляптими?

Мактабгача таълим ташкилотларида болалар таомномаси қандай тузилади?Болалар боғчада қандай маҳсулотлар истеъмол қилади? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Иштихон туманидаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида бўлдик.

- Боғчамизда 75 нафар бола тарбияланяпти, - деди «Умид ғунчалари» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти таъсисчиси Шаҳноза Усмонова. – Нонуштага сутли ош ёки каша, чой, печенье берамиз. Тушликка биринчи суюқ овқат, иккинчисига қуюқ овқат, шунингдек, нон, салат, қатиқ, мева берилади. Иккинчи тушликка чой, булочка ёки печенье тортилади.

Боғча 2019 йилда давлат хусусий-шериклик асосида очилган. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун етарли жой бўлмагани боис тез бузиладиган маҳсулотлар ҳар куни сотиб олинади. Ш.Усмонованинг айтишича, боғча таомномасини ўзлари мустақил тузади, аммо у кунлик таомлар рўйхатини кўрсата олмади. Кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори ёзиб қўйилмаган. Бундан ташқари, баллонли газни ошхонанинг ичига қўйган ҳолда, хавфсизлик қоидаларига амал қилмасдан фойдаланилмоқда.

Тумандаги 10-давлат мактабгача таълим ташкилотида 10 кунлик таомнома келишилган ҳолда олдиндан тузилар экан. Боғчада озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш хоналари ва музлаткичлар етарли. Шунинг учун муддати тез бузиладиган маҳсулотлар ҳар уч кунда олиб келинади. Боғчада 240 нафар болага тушлик учун 15 килограм гўштдан нўхатли шўрва ва сабзавотли димлама тайёрланмоқда.

- Бугун кечки пайт болаларга яримтадан тухум, ширин чой ва нон берилади. Шунинг учун овқатга гўшт камроқ солинди. Бошқа пайтлар тушликка 16-17 килограм гўшт солинади, - деди боғча ҳамшираси Нигора Муродова.

Боғча масъуллари бизга бир кунлик таомномани кўрсатишди. Унда 15 килограм гўшт ҳар бир болага 80 грамдан тушиши ёзилган. Аммо бизнинг ҳисобимизда 15 килограм гўшт 240 нафар болага 62,5 грамдан тўғри келди. Таомномада умумий сумма, кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори ҳам ёзилмаган.

Тумандаги “Happi children” номли оилавий боғчада биринчи нонушта, иккинчи нонушта, тушлик ва иккинчи тушлик бериларкан. Биз иккинчи нонуштага тайёргарлик жараёни устидан чиқдик. Ота-оналарнинг илтимосига кўра, иккинчи нонуштага болаларга олма бериляпти. Банан, мандарин каби аллергия қўзғатувчи мевалардан воз кечилибди. Бу боғчада ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ҳар куни сотиб олинади. Болаларнинг ҳар кунлик овқати телеграмдаги ота-оналар гуруҳига ташланади.

Оилавий боғча масъули ҳам бизга кунлик таомномани кўрсата олмади.

Метан шаҳарчасидаги «Сеҳрли дунё файз» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Боғчада болаларнинг овқатланиши учун алоҳида ошхона мавжуд.

- Нонуштага гуручли каша, нон, сариёғ, чой берилади, - деди мактабгача таълим ташкилоти директори Баҳора Ҳожибоева. – Тушликка суюқ, қуюқ икки хил овқат, салат, қатиқ, чой, иккинчи тушликка булочка, чой ёки печенье, мева шарбати берамиз.

Бизга тақдим этилган кунлик таомномада сана ёзилмаган, унга ҳамшира имзо қўйган, холос. Омбор мудири ва ошпазнинг имзоси йўқ. Таомномада умумий сумма кўрсатилмаган.

Аслида тартиб қандай бўлиши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳамда мазкур қарорга илова қилинган низомга асосан, мактабгача таълим ташкилотларида болаларни соғлом овқатлантириш тартиб-қоидалари белгиланган.

Унга кўра, кунлик таомномалар вазирлик томонидан тузилиб, тасдиқланган ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган намунавий, мавсумий таомномалар асосида тузилади. Таомнома жорий кундаги тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб, кейинги иш куни учун ҳамшира томонидан мактабгача таълим ташкилоти ошпази ва хўжалик мудири иштирокида тузилиши кўрсатилган. Ваҳоланки, бугун оилавий боғчаларда ҳамшира штатининг ўзи йўқ. Иштихон туманида 250 та оилавий болалар боғчаси бўлса, уларнинг ҳеч бирида ҳамшира штати мавжуд эмас.

Кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори махсус овқат тарқатиш жойига ёзиб қўйилиши ҳам мазкур қарорда кўрсатилган. Шуниси қизиқки, мактабгача таълим ташкилотлари масъулларининг бундай тартибдан хабари йўқ.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълумотига кўра, туман бўлимлари таъминотчи билан шартнома тузган бўлиб, мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотчи томонидан тарқатилади, боғча масъуллари озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олмайди. Аммо юқорида номлари келтирилган боғчаларда озиқ-овқат маҳсулотлари мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан сотиб олиняпти.Демак, бундай тартиб Иштихон туманига ҳали етиб бормаган.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича бракераж (маҳсулот сифатига қаровчи) комиссия бўлиши керак. Ушбу комиссия раиси мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси бўлиб, унинг таркибига тарбиячи, ошпаз, ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан вакиллар киритилади. Улар боғчага келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб боради. Ўрганиш натижалари алоҳида дафтарларда қайд этилади. Хуллас, қарорда тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш бўйича барча кўрсатмалар берилган. 

Бугун мактабгача таълим ташкилотларида қамровни оширишга изчил киришилган бир пайтда тарбияланувчиларга хизмат кўрсатишнинг пастлиги кишини таажжублантиради.

Хуршида Эрназарова.