Болани боғчага жойлаштириш автоматик тарзда амалга оширилади, фақат навбатларнинг келишида имтиёзли рўйхатдагилар устунликка эга
14 ноябрь куни телеграм каналимизда “Болани боғчага жойлаштириш навбати 7 ойда ҳам келмайдими?” сарлавҳали мурожаат эълон қилинди.
Ушбу мурожаат юзасидан вилоят адлия ҳамда мактабгача таълим бошқармаларидан жавоб хати келди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ушбу мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилган:
“Фуқаро 2022 йил 20 апрель куни 2019 йилда туғилган фарзандини Самарқанд шаҳридаги 35- ҳамда 36-мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш учун навбатга қўйилишини сўраб, ариза берган. Айни пайтда фуқаронинг фарзанди 35-МТМ бўйича 131-умумий навбатда, 36-МТМ бўйича 129-умумий навбатда турибди. Умумий навбатда турганлар сони 35-МТМ да 519 нафар, 36-МТМ да 303 нафарни ташкил қилмоқда. Шундан 35-МТМ да 129 нафар ҳамда 36-МТМда 242 нафар бола имтиёзлилар рўйхатига киради. Фуқаронинг фарзанди эса умумий, яъни имтиёзсиз рўйхатда. Белгиланган регламентга асосан, навбатларнинг келишида имтиёзли рўйхатдагилар устунликка эга.
Бунда эса ваколатли орган мактабгача таълим тизимидир. Навбатлар Давлат хизматлари марказлари орқали эмас, айнан мактабгача таълим ташкилотлари томонидан мавжуд бўшаган квоталар бўйича шакллантирилиши маълум қилинади. Унутманг, болани боғчага жойлаштириш билан боғлиқ ҳар бир ариза мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимига киритилади. Мазкур хизмат Давлат хизматлари марказлари томонидан мутлақо бепул кўрсатилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги 87-сонли фармонига мувофиқ, жорий йил 1 апрелидан бошлаб, тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилиш тартиби белгиланган. Агар фуқаро маъқул топса, шу имкониятдан ҳам фойдаланиши мумкин. Шунингдек, тегишли тартибда мактабгача таълим бўлими, МТТ раҳбариятига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган регламентга кўра, имтиёзли рўйхатга:
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;
- кўп болали оилаларнинг болалари;
- етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
- “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари;
- контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари;
- талабалар ва педагогларнинг болалари;
- акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар киради”.
***
Мурожаат юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати жавоби қуйидагича бўлди:
“Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги “Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан давлат мактабгача таълим ташкилотига боланинг ёшига тўғри келадиган гуруҳда бўш ўрин бўлса йўлланмалар навбат билан автоматик тарзда шаклланади.
Мактабгача таълим ташкилотларида асосан 6-7 ёшли мактабга тайёрлов гуруҳларидаги болаларнинг мактабларга қабул қилиниши жараёнида бўш ўринлар мавжуд бўлади.
Мурожаатда келтирилган Самарқанд шаҳридаги 36-давлат мактабгача таълим ташкилотида жами 7 та гуруҳ мавжуд бўлиб, 1 та 3-4 ёшли кичик гуруҳ, 3 та 4-5 ёшли ўрта гуруҳ, 2 та 5-6 ёшли катта гуруҳ ва 1 та 6-7 ёшли мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолият юритмоқда, бугунги кунда бўш ўринлар мавжуд эмас.
Боланинг ёшига мос гуруҳлардаги бўш ўринлар сонига қараб имтиёзли рўйхатдан битта, умумий рўйхатдан битта сўровномага навбатма-навбат йўлланмалар шакллантирилади. Боғчада имтиёзли навбатдагилар 242 тани, умумий навбатдагилар 277 тани ташкил этади. Мурожаатда келтирилган фуқаронинг фарзанди 129-умумий навбатда турибди.
Белгиланган регламентга кўра, бир вақтда учтагача боғчага болани навбатга қўйиш мумкин. Шунингдек, фуқаро фарзандининг навбати келгунига қадар яшаш жойи ёки иш жойига яқин ва бўш ўрин мавжуд бўлган бошқа давлат ёки оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ариза бериш имконияти мавжуд”.