Болани чеклаш қанчалик тўғри: Фарзанд тарбиялашда дунё халқлари қандай йўл тутади?

Фарзанд тарбиясида халқимиздан ўрнак олиш мумкин бўлган кўп жиҳатлар бор. Шу билан бирга бу борада ҳар бир миллатнинг ҳам ўз анъаналари бор. Қайсидир мамлакат аҳолиси тарбияда қаттиққўлликни ёқласа бошқа бир жамиятда боланинг ҳаракати умуман чекланмайди. Дунё халқларининг бу борадаги тажрибалари билан танишамиз.

Япония тарбия масаласига ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туради. Японлар бола беш ёшга тўлгунга қадар уни ҳеч қайси соҳада чеклашмайди. Япон болалари бу муддатда "йўқ", "мумкин эмас", "жазоланасан" каби сўзларни эшитмайди. Болага ўшқириш, уни қайсидир ёмон иши учун жазолаш қатъиян тақиқланади.

Атрофдагиларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш тарбиянинг асоси саналади. Она ўз ҳатти-ҳаракатлари мисолида унга жамиятда ўзини тутиш одобини намойиш этади. 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган муддатда эса қатъий интизом йўлга қўйилади. Бу вақтда боладан жамиятда ўрнатилган қонун-қоидаларга сўзсиз итоат этиш талаб этилади. Ўн беш ёшга тўлган япон фарзанди оиланинг, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланади ва ота-онаси энди унга дўсти каби муносабатда бўлади.

5 ёшгача шоҳ, 15 ёшгача қул, 15 ёшдан кейин дўст. Япон болаларига шундай таъриф беришади.

Француз ота-оналари эса улғайиб қолган фарзандларини ҳам ёнларида яшашини исташади. Бола 30 ёшда ҳам ота-онаси билан яшаши мумкин. Бу болаларни эркатой деб аташга шошмаслик керак. Чунки француз оналари ҳам кўп ҳолларда оталар билан баробар ишлашади. Уй юмушларида фарзандлар кўмагига таянишади.

Швецияда бола аввалданоқ катта ёшли инсонлар билан тенг ҳуқуқли саналади. Бу мамлакат тарбиявий қарашларида "Болага ўзингга лойиқ кўрганинг каби муносабат кўрсат" қоидасига амал қилинади. Оилада болага нисбатан ҳар қандай руҳий ва жисмоний зўравонлик давлат томонидан жиддий тақиқланган.

Америка ота-оналари болалари учун болалар боғчасидан кўра уйда хизмат кўрсатувчи энагани устун кўришади. Улар кўп ҳолларда болаларини кинога, театрга ҳаттоки ишхонага ҳам ўзлари билан бирга олиб боришлари мумкин. Турли муносабатлар билан ташкиллаштирилган оилавий йиғин ва табиат қўйнига оилавий саёҳатлар ҳам америкача тарбиянинг бир усули. Болалар қилмишларига кўра севимли ўйинчоқлари олиб қўйилиб жазоланишлари ҳам мумкин.

Италияда болалар тарбияси миллатимизнинг бу борадаги қарашларига ўхшаб кетади. У ерда ҳам кўп фарзандли оилалар, катта-катта оилавий йиғинлар, болаларни ширинликлар билан сийлаш каби анъаналарга дуч келишингиз мумкин.

Дилора тайёрлади.