Бўлган воқеа: Хайрли ризқ

Кундалик ризқини ҳаммоллик орқали топувчи бир йигит намозларида “Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт”, деб дуо қилар экан.

Ҳаммолнинг мудом бир хил дуони такрорлайвериши атрофидагиларнинг эътиборини тортибди. Улардан бири сўрабди:

– Эй дўстим, нима учун сен намоз ўқиб бўлгач, "Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг, хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт", деб Аллоҳга илтижо қиласан. Ноннинг ҳам хайрсизи бўладими?

Ҳаммол жавоб берибди:

– Биродар, менинг бошимга тушган савдони билсайдинг, сен ҳам шундай дуо қилган бўлардинг/

Атрофидаги одамлар қизиқиб сўрабдилар:

– Бошингдан ўтган воқеани сўзлаб бер, биз ҳам эшитайлик.

Ҳаммол сўзлай бошлабди:

– Бир куни оғир юк кўтариб қияликдан юқорилаётган эдим. Ҳолдан тойиб, устимдаги юкни бир муддатга ерга туширишга мажбур бўлдим. Пешонамдан оқаётган терни артар эканман, ич-ичимдан фарёд чекдим: "Эй Аллоҳ, насибам бўлган бир бурда нонни қандай қийинчилик билан берасан-а! Мени жиққа терга ботирмай, ейдиган нонимни ўтирган жойимдан қўзғатмай, эҳсон қилиб қўя қолсанг бўлмайдими?!".

Бу илтижо оғзимдан чиқар-чиқмас, бирдан қаршимда икки киши бир-бирини савалаётганини кўриб қолдим. Жим қараб тура олмай, уларни ажратишга уриндим. Шу пайт улардан бири шундай мушт туширдики, оғзи-бурним қонга бўялди. Етиб келган миршаблар мени ҳам жанжалкашларга қўшиб, ҳибсга олдилар.

Қамоқдалигимда миршаблар ҳар куни нон олиб келардилар. Шифтга термулганча ётар эканман, қайғуга ботганим учун томоғимдан бу текин нон ўтмасди.

Ўз-ўзимга: Энди юк ҳам ташимаяпсан, пешонангдан тер ҳам қуйилмаяпти. Мана сенга текинга келган нон. Тўйгунингча еб ол”, дердим. Чунки озодликда манглай терим эвазига топилган кулча тутқунлиқда берилган текин нондан лаззатли эди.

Нотўғри дуо қилганимни тушуниб етдим. Ўша кундан эътиборан дуоимни ўзгартирдим. Аллоҳдан доим хайрли ризқ беришини сўрайман, деган экан.

Манба