"Бу Араб давлатлари лигасига қўшилишга уриниш бўлиши мумкин": Сурия президенти 12 йил ичида биринчи бор Уммонга ташриф буюрди

Сурия президенти душанба куни 12 йил ичида биринчи марта Уммон султонлигига ташриф буюрди. Кузатувчиларга кўра, 6 февраль куни содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг расмий Дамашқ араб давлатлари билан яқинлашишга уринишини оширган.

Тинч, аммо дипломатик саҳнада муҳим воситачи Уммон 2011 йилда фуқаролар уруши бошланганидан бери Дамашқ билан доимий дипломатик алоқаларни сақлаб келган камдан-кам Форс кўрфази давлатидир.

Учрашувда Уммон раҳбари султон Ҳайсам Башар ал-Ассадни “табиий офат оқибатларини бартараф этишда биродарларни қўллаб-қувватлашга” тайёрлигига ишонтирди.

Икки давлат юқори мартабали расмийлари ташрифлари аввал ҳам бўлган, бироқ бу юқори даражадаги биринчи расмий учрашувдир.

Чунки Сурия 2011 йил охирида намойишларни зўравонлик билан бостириш туфайли Араб давлатлари лигасидан чиқариб юборилган эди.

2018 йил охирига келиб Бирлашган Араб Амирликлари Дамашқдаги элчихонасини қайта очди. 2022 йил март ойида эса Башар ал-Ассад араб давлатларидан бирига биринчи ташрифини амалга оширди ва Абу-Дабида амалдаги президент Муҳаммад бин Зоид томонидан қабул қилинди.

Таҳлилчилар фикрича, Асад табиий офат оқибатлари ҳиссиёти ва халқаро бирдамликдан фойдаланиб, дипломатик изоляциядан чиқишга интилмоқда. Буни Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиссий 7 февраль куни биринчи марта суриялик ҳамкасбига қўнғироқ қилганида ҳам кўриш мумкин.

Ўтган шанба куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон "кво-статус (олдинги ҳолатга қайтиш) Сурияда ишламаётгани, араб дунёсига эса “консенсус” (ҳамжиҳатлик) кераклигини айтган.