“Бу домла бизда ишламайди” дейиш билан тизимни ўзгартириб бўладими?

Кейинги вақтларда олий ўқув юртларининг қайсидир ходими ёки олийгоҳлар билан боғлиқ қандайдир жиноий, коррупцион хатти-ҳаракатлар ҳақида ахборот берилса, “Бу домла бизда ишламайди”, “Қабул комиссиясига алоқаси йўқ” қабилида раддия бериш, муносабат билдириш анъанага айланди.

Бундай ахборотни оммага ошкор қилаётганимиздан хафа бўлаётганларга айтмоқчимизки:

- таълимнинг қайси бўғини бўлишидан қатъи назар, ундаги муаммолар, камчиликларни рўй-рост очиқламаганимиз, соҳага танқидий ёндашмаганимиз учун ҳам тизимни шу ҳолатга олиб келдик;

- миллатнинг келажаги, истиқболини белгиловчи илм-фан, фундаментал билимларни авлодларимиз онгига сингдириш ҳаракатида бўлиш ўрнига, соҳанинг ичкуярларини, фидойиларини эзғиладик, эзгу нафасини “ичига юттирдик”.

Яна айтмоқ истасак, гап кўп. Аммо олийгоҳ мутасаддиларига “Жамоангиздан чиқмаган бўлса, раддия беринг”, “Ишламаса, биздан кетган эди деб муносабат билдиринг”, дейиш билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Яна бир нарсага тушунмаяпмиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳам чўпонни олиб келиб, “Сен фалон олийгоҳнинг доценти, ўқитувчисисан, фалончидан шунча долларни олаётганинингда қўлга тушдинг”, деб бир жиноятни унинг бўйнига “илмаётгандир”. Қайсидир собиқ домланинг бугун олийгоҳда ишламаса-да, айни фаолиятда бўлган муассасадаги ким биландир алоқаси бордирки, шундай жиноятга қул урган...

Қолаверса, икки-уч йил аввал олийгоҳдан ишдан кетиб, шартномаси бекор бўлган доцент, фан доктори ёки профессорнинг илмий даражаси ёки унвони ўзида сақланиб қоладику?! Ишдан ҳайдалганнинг илмий даража ва унвонларидан ҳам айрилгани ҳолатини ҳозирча эшитмадик. Ваҳоланки, мақтовга тўла материал, юбилей ёки хотира мақоласига, гарчи, улар айни пайтда ўша ерда ишламаса-да, фалон институт, университетнинг профессори, доценти имзоси билан материал берилса, ҳеч ким эътироз билдирганини ҳам кўрмадик.

Хуллас, таълим тизими ривожига тўсиқ бўлаётган жиноятлар, коррупция ҳолатларини ёритаётганимиз – бу мамлакатимиз таълим сифатини яхшилашга ҳисса қўшиш истагидан, соҳа тараққиётига доғ бўлаётган иллатлардан қутулишга интилаётганимиздан.

Сиз ҳам буни тўғри тушунинг. Таълимдаги коррупцияга қарши курашишда "бу одам бизга алоқадор эмас", "бизда ишламайди", "биздан ишдан кетган", деган гаплар кетмайди. Шу жамиятда, шу юртда яшаётган эканмиз, бундай ҳолатлар ҳаммамизга тегишли. Бунга қайсидир маънода, ҳар биримиз сабабчимиз. Бундай таъмагирлар тегирмонига сув қуяётган ҳам ўзимиз.

Бас, шундай экан, бундай ҳолатларга қарши курашишда ўзимизни четга тортмайлик!