Бу сафар депутат сўровларига бефарқликка сабабчи пандемиями?

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Азиз Аҳроров аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни самарали ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг март ойида Самарқанд шаҳрининг Боғи Феруза ва Абдураҳмон Жомий маҳаллаларидаги сайловчилар билан учрашув ўтказган эди.

Учрашувда Боғи Феруза маҳалласи аҳолиси томонидан кўтарилган Хива ва Бойсун кўчаларини таъмирлаш, ҳудуддаги янгиланган ичимлик суви қувурини Панжикент кўчасидаги асосий магистрал ичимлик суви манбаига улаш, 41 дона яроқсиз ҳолга келган симёғочларни замонавий бетон устунларга алмаштириш, Хива кўчаси 8-хонадон ҳовлисидаги авария ҳолатига келиб қолган симёғочни хонадондан ташқарига кўчириш каби 10 га яқин муаммолар, шунингдек, Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшовчи Миржалол Мавлонназаров ва Зарнигор Ҳусаинованинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишда ёрдам сўралган мурожаатлари юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровларини юборган эди.

Мана, қарийб 3 ой ўтса ҳамки, бирорта сўровга жавоб келмаган.

Орадан вақт ўтиб, мазкур маҳаллаларда кўтарилган муаммолар ижроси ўрганилганида, бирорта ҳам мутасадди ташкилот вакили масалани ўрганишга келмаганлиги маълум бўлди.

Аслида мутасадди ташкилот “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан депутатлик сўровига 10 кун ичида жавоб берилиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддасида депутат сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Депутат сўровларга бу сафарги бефарқликни мамлакатимизда каронавирус пандемияси сабаб барча ҳудудларда карантин эълон қилинганлиги боис эътиборсиз қолдирилган дея баҳолаб, муаммолар юзасидан яна бир бор мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборадиган бўлди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши ахборот хизмати.