Бу йил кузда Самарқандда 6,1 миллион туп кўчат экилади

Республикамизда эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида жорий йилда вилоят бўйича 50,2 гектардан, Самарқанд шаҳри Қорасув массивида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон боғи” ҳисобидан 61,3 гектар майдонда яшил боғ ташкил этилмоқда.

Ҳужжатда вилоят ҳудудларида 64 гектар майдонда 19 та “Яшил жамоат парклари” барпо этиш белгиланган бўлса-да, ҳозиргача бу ишлар Самарқанд шаҳрида 23 гектар, Пайариқ туманида 2 гектар кам бажарилмоқда.

- 2022-2026 йилларда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги кўкаламзорлаштириладиган ҳудудларда суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқилган, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ш.Искандаров. – Дастурга асосан, вилоятдаги 1105 маҳаллада “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахтларни самарали суғориш тизими ташкил этилади. Бунгача эса ободонлаштириш бошқармасининг ўндан ортиқ техникаларини жалб этган ҳолда кечки пайтда дарахтларни суғориш ишлари олиб бориляпти.

Вилоятда 16 та кўча “Намунавий кўча” сифатида танлаб олиниб, кўчат экиш тадбирлари 5 та туманда амалга оширилган. Жумладан, Булунғур тумани Гулзор кўчасида 200 туп гилос, Жомбой тумани Узуновул кўчасида 190 туп ўрик, Нарпай тумани Шодлик кўчасида 300 туп каталпа, Оқдарё тумани Амир Темур номли кўчада 400 туп, Пайариқ тумани Зебинисо кўчасида 300 туп каштан дарахти кўчати экилган. Қолган туманларда кузги кўчат экиш мавсумида “Намунавий кўча”лар ташкиллаштирилади.

Жорий йил куз фаслида вилоят бўйича 6,1 миллион туп дарахт кўчатини экиш режалаштирилган. Ҳозирда кўчатчилик хўжаликларида 33 миллион тупдан ортиқ кўчат захираси мавжуд.

Ўктам Худойбердиев.