Бу йил Пайариқда қандай ўзгаришлар бўлади?

2026 йилда туманда қишлоқ хўжалиги ҳажмини 5,9 триллион сўмга, саноат ҳажмини 1,1 триллион сўмга, хизматларни 2,3 триллион сўмга, қурилиш ҳажмини - 4,9 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. 85,3 миллион доллар хорижий инвеститсиялар ўзлаштирилади. Экспорт кўрсаткичлари бўйича 17,8 миллион доллар ҳажмга эришиш мақсад қилинган.

Туманда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган микросаноат маркази, махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириладиган 2 та марказий кўчада 25 дан ортиқ савдо ва сервис обектлари ташкил этилади. Аҳоли пунктларида оптик толали алоқа линиялари кенгайтирилиб, “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси доирасида 1664 нафар ёшлар ўқитилади. Тумандаги 2167 нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш, яширин иш ўринларини легаллаштириш орқали 1763 нафар аҳоли бандлигини таъминланади.

483 нафар камбағал оила аъзоларига деҳқончилик қилиш учун ижарага ер ажратилади.

ИТ Парк резидентларининг экспорт ҳажмини 128,42 минг АҚШ долларига етказиш, ИТ Парк резидентлари хизматлари ҳажмини 2,15 миллиард сўмга етказиш кутилмоқда.

2026 йилда 164,6 миллион долларлик хорижий инвеститсия ва кредитлар жалб қилинади. Хўжа Исмоил маҳалласида истироҳат боғи ташкил этилади.

Жорий йилда ҳудудий инвеститсия дастурлари доирасида қиймати 68,1 миллион долларлик 48 та лойиҳа амалга оширилади. Саноат йўналишида қиймати 15,1 миллион доллар бўлган 20 та, хизмат кўрсатиш соҳасида қиймати 36,9 миллион долларлик 24 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида қиймати 16,1 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳа амалга оширилади. Умуман, йил якунигача ҳудудий инвеститсия дастурлари доирасида 48 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 593 та иш ўрни яратилади.

Туманда 176 хонадонли 5 та кўп хонадонли уй-жой барпо қилинади, 3 та кўп қаватли уй таъмирланади. Чоштепа маҳалласида 106 гектар ер майдони “Ургут” ЭИЗга бириктирилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади. Кўлтўсин, Ғаллакор, Накурт ва Дўстлик маҳаллаларида 31,5 минг гектар лалми ерда пистачиликни ташкил этиш учун 100 кВт қуёш панеллари ўрнатилади, 50 дона артезиан қудуғи қазилади. Гўзал маҳалласидаги марказий истироҳат боғи замонавий кўринишга келтирилади. Туман марказига келувчи автомобил йўли бўйида тадбиркорлик субектлари ва йўл бўйи хизматларини ташкил этиш учун ҳудудни зарур инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 11 километр автомобил йўли таъмирланади. 10 та ижтимоий соҳа обекти – жумладан, 5 та умумтаълим, 1 та мактабгача таълим, 4 та соғлиқни сақлаш обекти реконструксия қилинади. Имом Бухорий мажмуаси ҳудудини айланиб ўтиш учун 4,6 километр янги автомобил йўли қурилади.

Пай каналининг 14,8 километр қисми тўлиқ реконструксия қилинади, Қаландар коллекторининг 1,4 километри ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғига айлантирилади. Янги тўққиз коллекторининг 1,3 километр қисми бетонлаштирилади.

Туман марказида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 49 дона трансформатор янгиланади, 165 километр СИП кабел тармоғи тортилади, 2950 дона таянч устунлар ўрнатилади.

Челак шаҳарчаси марказий Зарафшон тракти ўнг қирғоғи автомобил йўлининг 29-33 километри оралиғида транпорт воситалари ҳаракатини чеклаш ҳамда айланма йўл қуриш орқали туну кун ишлайдиган кўчага айлантириш учун 2 километр автомобил йўли асфалтланади, 4 километр пиёдалар ва вело йўлаклар қурилади, чироқлар ўрнатилади.

Фаровон маҳалласидаги 2-мактабгача таълим муассасаси яшил тамойиллар асосида реконструксия қилинади. Умумфойдаланувдаги 33,6 километр, туман даражасидаги 72,5 километр йўллар таъмирланади. Тегишли дастурлар ва ички молиявий имкониятлар ҳисобидан 3 та иншоот ҳамда 4 километр ичимлик сув тармоғи қурилади ва реконструксия қилинади.

Туманда қорамолчиликни ривожлантириш йўналишида 15,3 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади ва 74 та чорвачилик фермер хўжалигида гўшт (тирик вазнда) ишлаб чиқариш 16 минг тоннага, сут ишлаб чиқариш 153,4 минг тоннага етказилади. Пахтачиликда замонавий илғор агротехнологияларни жорий қилиш мақсадида 2742 гектар майдонда “Шинжон” усулида чигит экилади. Туманда мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми кўпайтирилиб, 15,76 минг долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти таъминланади. Йил давомида 2645 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланади.

Тумандаги умумтаълим мактабларига хорижий педагоглар жалб қилинади, Б2 даражасидаги сертификатга эга маҳаллий хорижий тил ўқитувчилари улуши 78,3 фоизга, янги баҳолаш тизими жорий этиладиган мактаблар сони 21 тага етказилади. Кўзи ожизлар махсус кутубхонаси биноси таъмирланади.

Тиббиёт йўналишида 40 ва ундан катта ёшдаги 73715 нафар аҳоли қандли диабет касаллиги бўйича оммавий скринингдан ўтказилади, болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ҳар чоракда скрининг ташкил этилади.

Йил давомида 6 та маҳалла биноси таъмирланади ва реконструксия қилинади, 53 та маҳалла биносига қуёш панеллари ўрнатилади, 18 та маҳаллада 18 километр “Саломатлик йўлаги”, 30 та маҳаллада кутубхоналар ташкил этилади. 686 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади, 3662 нафар хотин-қизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашилади. Давлат томонидан 8 нафар эҳтиёжманд хотин-қизда махсус жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Қишлоқ хотин-қизларини қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро лойиҳалар амалга оширилади.